Шусиз ҳам ЕЧЛнинг бу мавсуми кашфиёти бўлган «Будё/Глимт» турнир ўтиш босқич ўйинларида яна бир поғона юқорига кўтарилди. Жамоа Миландаги жавоб учрашувида ҳам А Серия пешқадами «Интер» устидан ғалаба қозониб (3:1, 2:1) кейинги босқичга йўл олди.
Кетил Кнутсен шогирдлари турнирда қаторасига 4 ўйинда 4 ғалабага эришди. Бу ўйинлар «Манчестер Сити», «Атлетико» ва «Интер» (2 марта) клубларига қарши кечди. Ундан олдинроқ эса жамоа Дортмундда мезбонлар билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этганди. Ўша пайт учун сенсация ҳисобланган бу натижани бугунга келиб «Будё»нинг ўзи соя остида қолдирди.
«Чемпионлар лигасидаги ҳеч бир жамоа биз каби яқин инсоний муносабатлар устига қурилмаган. Биз нафақат бирга футбол ўйнаймиз, ака-укалик ришталари билан ҳам боғланганмиз. Бу бизни бутунлай бошқа босқичга олиб чиқувчи устунлигимиздир», – дейди жамоа етакчиси Патрик Берг.
Берг футболчилик фаолиятининг асосий қисмини шу клубда ўтказмоқда (у 2014 йилда асосий жамоада дебют қилган, фақат 2022 йилда бир мавсумга «Ланс»да ўйнаб келган). Умуман, жамоанинг асосий таркиб футболчиларидан 9 нафари норвегиялик бўлиб, харажатлар бўйича турнирнинг энг камтарона клубларидан бири.
Қуйида Вадим Лукомскийнинг sports.ru сайти учун ёзган матни таржимаси келтирилади. Журналист «Будё»ни ёқтириб қолиш учун беш асосли сабабни баён қилган.
Зерикарли узатмалар ўрнига хатодан қўрқмаслик
«Будё» гуруҳ босқичини кичик лигаларнинг одатий пешқадамидек бошлади, яъни Европа футболи грандларига қарши ҳам ўз ташаббускор услуби билан ўйнашга ботина оладиган даражада соддалик билан. Маълумки, бундай муносабат жамоани кўпчиликнинг ёқимтойига айлантирса-да, очко келтирмайди.
Аммо мана шу образда ҳам «Будё»да ўзига хос нимадир бор эди. Бундай жамоаларнинг аксарияти ҳужум бошлашда қисқа паслар орқали чиқишни исташади, аммо вариант топилмагач, шунчаки ҳеч бир ғоясиз ҳимоячилар ўртасида тўп оширишдан нарига ўтилмайди.
Кнутсеннинг жамоаси эса бошқачароқ, ҳа, соддадил, аммо мафтункор ўйин намойиш этади. Қисқа паслар услуби сақланиб қолди, аммо шу билан бирга рисклардан воз кечмаслик ва имкон қадар ижроси қийин бўлган узатмалар билан ўйнаш. Табиий равишда, тўп йўқотишлар кўпайди, аммо айнан шу сабаб туфайли яхши вазиятлар ярата бошлади. Энг бошидан «Будё»нинг ўйинлари томошабоп бўлганди, шу билан бирга, ўйинда мувозанат етишмасди.
Бунинг оқибати – зарбага олиб келинган хатолар бўйича «Будё» Чемпионлар Лигаси етакчиси – 17, шунингдек, индивидуал тўп йўқотишлар натижасида 4 гол ўтказиб юборилди.















