Ўзбекистон | 20:00 / 14.03.2018
177366
2 дақиқада ўқилади

Махсус хизматда ребрендинг. МХХ Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилди, унинг ваколатлари белгилаб берилди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизмати сифатида қайта ташкил этилади. Бугун Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармонини имзолади.

Ҳужжатда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакатнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, иқтисодий яхлитлиги, иқтисодий ва мудофаа салоҳиятини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимида алоҳида ўрин тутиши қайд этилган. Шу билан биргаликда, Миллий хавфсизлик хизматининг мақоми, вазифалари ва ваколатлари доирасини аниқ белгилаб берувчи қонун ҳужжати яратилмай туриб, унга миллий хавфсизликни таъминлашнинг барча жиҳатлари юклатилгани ушбу идоранинг давлат органлари фаолиятининг барча соҳаларига асоссиз аралашувига шарт-шароит яратиб бергани таъкидланган.

Давлат хавфсизлик хизмати Миллий хавфсизлик хизматининг вориси деб тан олинади.

«Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизмати сифатида қайта ташкил этилсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади», дейилган ҳужжат матнида.

Ҳужжатга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган сифатида белгиланган.

Мавзуга оид