14:16 / 14.03.2018
12141

Нишон иши: паспортлар суд томонидан қайтариб берилди

Фото: Uza

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди яқинда кенг жорий қилинган анъанага кўра сайёр тартибда Қарши тумани “Кахлак” қишлоқ фуқаролар йиғини биносида эр-хотин Иброхим ва Сабоат Салиевларни Ўзбекистон Республикаси ЖК 228-моддаси 2-ва 3-қисмлари билан айблаш ҳақидаги жиноят ишини кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, тергов органи томонидан Тожикистоннинг Регар туманида туғилган И. Салиев ва С. Салиевалар қишлоқ фуқаролар йиғини дафтарига сохта ёзув киритиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортларини асоссиз олишиб, фойдаланиб келганликда айбланган.

Судда И. Салиев ва С. Салиевалар айбга иқрор бўлмасдан, Ўзбекистон фуқароси бўлишни хоҳлаганликлари сабабли, 1991-йилда Қашқадарёга болалари билан кўчиб келиб яшаганликлари, Ўзбекистон паспортини қонуний олганликлари, ўзларини Ўзбекистон фуқароси, деб ҳисоблашларини билдиришиб, ишни адолатли кўриб чиқишни ва Ўзбекистон фуқаролик паспортларини қайтариб беришни сўрашди.

Судда сўралган аксарият гувоҳлар И. Салиев ва С. Салиеваларни қишлоқда ҳамма яхши таниши, 1991 йилдан Иброхим-ака Қарши шаҳридаги УМС-4 ташкилотида ишчи, Сабоат-опа эса “Лола” болалар боғчасида энага бўлиб  ишлаши, фарзандлари шу  ердаги 38-мактабда ўқишгани, қишлоқ аҳолиси билан узоқ вақт аҳл-иноқ бўлиб яшаб келганликларини баён қилишди.

Суд вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси вакили Салиевларни Ўзбекистон фуқаролиги паспортини қонунга зид равишда олишган деб хулоса берган бўлсада, тергов органи ҳолатларни синчковлик билан ва холисона текшириб чиқмасдан туриб судланувчиларга айб эълон қилган ва бу билан барча учун мажбурий бўлган айбсизлик презумпцияси талаблари бузилган деб топди.

Суднинг 2018 йил 15-январь кунги ҳукми билан судланувчилар И. Салиев ва С. Салиевалар оқланди, уларни қўйилган айбловлар бўйича реабилитация қилиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортларини уларга қайтариш белгиланди. 

Шунингдек суд  дастлабки терговда йўл қўйилган қонун бузилишларини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик, фуқароларнинг ҳуқуқларига эътиборлироқ бўлиш  чораларини кўриш учун Қашқадарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси номига  хусусий ажрим чиқарди.​

Top