Ўзбекистон | 17:30 / 15.03.2018
31105
5 дақиқада ўқилади

Бобомурод Абдуллаев иши. У озод қилинадими?

Фото: fb.com/abobomurod

Ўзбекистонда журналист Бобомурод Абдуллаевнинг қамоққа олиниши ва узоқ вақт давом этган тергов жараёни Ўзбекистон шароити учун хос бўлмаган тарзда катта резонансни келтириб чиқарди.

У 2017 йилнинг 27 сентябрида уйидан олиб кетилган, 1 октябрь куни Юнусобод туман суди уни 10 кун муддатга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарганди.

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида хориж нашрларида чиқишлар қилган журналист Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 4-қисми бўйича (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) айбланган.

Кейинроқ, октябрь ойида унинг шериклари сифатида Ҳаётхон Насриддинов, Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёров қўлга олинган.

«Усмон Ҳақназаров» тахаллуси билан сиёсий мақолалар интернет нашрларида 2003 йилдан пайдо бўлган. Муаллиф бундай мақолаларида Ўзбекистондаги коррупция ҳолати ва сиёсий репрессиялар ҳақида ёзган. Бобомурод Абдулла тахаллусида ҳам ижод этган журналист охирги йилларда қалами ўткир спорт журналисти сифатида танилганди.

Журналист ҳибсга олингач, дастлабки ҳафталардаёқ тергов жараёнида қийноқлар қўллангани ҳақидаги хабарлар юзага чиқди. Февраль ойида Human Rights Watch расмий сайтида Ўзбекистон ҳукуматидан журналистнинг қийноққа солиниши ўрганилиши сўралган мақола эълон қилинди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа ташкилотлар, хусусан, Amnesty International, Freedom Now, Article 19, Freedom House, Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (The Association for Human Rights), Фуқаровий ҳуқуқлар ҳимоячилари (Civil Rights Defenders), Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (The Committee to Protect Journalists), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (Internation Partnership for Human Rights), Норвег Хельсинки қўмитаси (The Norwegian Helsinki Committee), Чегара билмас журналистлар (Reportes Without Borders), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ўзбек-немис форуми (The Uzbek-German Forum for Human Rights) Ўзбекистон ҳукуматини «журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қўлланган қийноқлар юзасидан  холисона ва мустақил текширув ўтказиш»га чақирди.

Февраль ойи охирида Бобомурод Абдуллаев иши бўйича март ойида суд иши бошланиши маълум қилинди. 7 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислиги ва халқ маслаҳатчилари иштирокида Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевга нисбатан суд иши жиноят ишлари бўйича очиқ суд мажлиси бошланди.

Очиқ тартибдаги суд мажлисида судланувчиларнинг қариндошлари ва яқинларидан ташқари, халқаро кузатувчилар, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, хорижий ахборот агентликлари ва маҳаллий нашрларнинг журналистлари иштирок этишди.

Суд жараёнида сўз олган судланувчининг адвокати Сергей Майоров судьяга тергов изоляторида мижози билан учрашганида унинг терговда қийноққа солингани ҳақида маълумот олганини айтиб, судланувчи Бобомурод Абдуллаевга нисбатан суд-тиббий экспертизасини тайинлаш тўғрисида илтимоснома киритди ва ушбу илтимоснома тегишли тартибда суд томонидан қаноатлантирилди.

Сергей Майоров Бобомурод Абдуллаев билан у қўлга олинганидан буён Миллий хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида икки марта учрашган.

Бобомуродов Абдуллаев адвокатига «МХХ ходимлари уни бир неча марта қийноққа солиб, уришгани, тан жароҳатларини етказишгани, жисмоний ва руҳий зўравонлик қўллаб, у содир этмаган жиноятларни амалга оширганини тан олишга мажбурлангани, ҳатто бошқа шахсларга нисбатан ёлғон кўрсатмалар беришга эришишганини айтиб берган. Адвокат бу тафсилотларни Ўзбекистон бош прокурори номига юборган илтимосномасида ҳам кўрсатиб ўтган.

Бобомурод Абдуллаев адвокатининг сўзларини тасдиқлайди ва кийимини ечиб, баданининг юқори қисмидаги чандиқ ва кўкаришни кўрсатади.

Адвокатнинг маълумотига кўра, «Абдуллаевни ўнг қўлидан кишанлаб, чап қўлига уришган ва ҳужжатларга қўл қўйишинг учун ўнг қўлинг бизга керак», дейишган».

Бобомурод Абдуллаев Бош прокурорга аризада ўзини уриб, қийноққа солган МХХ ходимлари исм-шарифларини келтирган. У шу муносабат билан уларга нисбатан жиноий иш очишни сўраган. Унинг айтишича, тергов изоляторида уни 39 кун мобайнида қийнашган, 27 сентябрдан 5 ноябргача. Шундан кейин қийноқлар тўхтаган.

Шундан сўнг, судьялар Ўзбекистон Президенти 2017 йил 30 ноябрда имзолаган «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига таянган ҳолда адвокат илтимосномасини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилди ва тан жароҳатлари, уларнинг характери ва оғирлигини аниқлаш учун суд-тиббиёт экспертизасини тайинлади.

Бугун, 15 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёров бўйича ишни кўриш давом эттирилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид