17:40 / 15.03.2018
29818

Тошкентдаги МТМга тайёр овқатлар янгича ёндашув асосида етказиб берилмоқда

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 19 декабрида ўтказилган видеоселектор йиғилишида боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган эди.

Ана шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида, жорий йилнинг 1 февралидан Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича туман мактабгача таълим бўлимлари билан  тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, шу кунгача пойтахтнинг Сергели, Олмазор ва Чилонзор туманларидаги айрим МТМда кетринг усулида овқатлантириш йўлга қўйилганлиги борасида хабар берилган эди. Бугун бу эстафетани Яккасарой туманидаги №250, 323, 335 ва 358 мактабгача таълим муассасалари қабул қилдилар. 

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Мазкур боғчаларда соғлом ва хавфсиз овқатланишини  ташкил этиш мақсадида тумандаги №323 боғчада эксперимент  ташкил этилиб, унга пойтахтимиздаги “Соғлом бола савдо”, “KMM SOFT BIZNES”, “MARVARID SOFT SAVDO”, “MAX ELITE GROUP” ҳамда “UNIQUE ASE” масъулияти чекланган жамиятлар вакиллари таклиф этилдилар. Ушбу бешта корхоналар томонидан менюда белгиланган 1 ва 2 таомлар тайёрланиб,  мутахассислардан ташкил топган ҳайъат аъзолари ва ота-оналарга тақдим этилди.  

Мутахассислар, ота-оналар ва ҳайъат аъзоларининг фикр ва мулоҳазалари якуни билан ушбу экспериментда 1-ўринни “UNIQUE ASE”, иккинчи ўринни эса “MARVARID SOFT SAVDO” МЧЖлар томонидан тайёрланган таомлар эгаллади. Яккасарой туман мактабгача таълим  бўлими улар билан шу ернинг ўзида шартнома имзолаб, бешта боғча ошхонаси эксперимент ғолиблари ихтиёрига фойдаланиш учун топширилди. 

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Маълумот ўринда айтиш лозимки, бугун пойтахтнинг Учтепа туманидаги “Пахтаой” номидаги 244-МТМда ҳам худди шундай тажриба ўтказилиб, унда иштирок этган 6та корхона ичидан “KIDS LANCH” ва “MARVARID” масъулияти чекланган жамият вакиллари ғолиб деб топилдилар. Учтепа туман мактабгача таълим бўлими ғолиб МЧЖлар билан ўзаро шартномалар имзолаб, унга кўра жорий йилнинг 1 апрелидан Учтепа туманидаги №450 ва 680 боғча ошхоналари тадбиркорлар ихтиёрига топширилади.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Мактабгача таълим тизимида тарбияланувчиларни овқатлантиришни ташкил этишда шаффофлик  таъминланиб, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бериш ва нарх сиёсатига риоя қилган ҳолда харид тизими ҳам йўлга қўйилмоқда.

Асосий мақсад — болалар учун сифатли ва соғлом овқатланишни таъминлаш, боғча ходимларини биринчи навбатда болалар тарбияси ва таълими билан шуғулланишлари учун уларни тармоқ вазифаларига тегишли бўлмаган вазифалардан озод этишдан иборатдир. Бундай тажрибалар натижаси эса МТМ ошхоналаридаги муаммоларнинг олдини олинишини таъминлайди.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тажриба натижалари таҳлил қилиниб, Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.

Top