Жамият | 11:10 / 15.03.2018
17225
11 дақиқада ўқилади

Ўқув бинолари чиройлигина эмас, қулай бўлиши керак! — Ўқитувчидан таклифлар

Жорий йилнинг 2 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018–2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра Республикамизнинг шаҳарлари, шаҳар поселкалари бош режалари ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳалари ишлаб чиқиш режалаштирилди.

Албатта, бу режаларда мактаблар ва боғчаларни қаерларда ва қандай қуриш масалалари ўз аксини топади. Мустақиллик йилларида асосий эътибор академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари қуришга қаратилганлиги учун мактаблар четда қолди.

Ҳозир эса лицей ва коллежларнинг бир қисми ёпилиши ва узоқ танаффусдан кейин 11 йиллик мактабларнинг қайта очилиши, жумладан, янги мактаблар қуришни тақозо қилади. Чунки ўтган қарийб 30 йил давомида аҳолининг сони ошди, янги турар жойлар қурилаяпти. Уларда биринчи навбатда мактаб ва боғча бўлади. Табиийки, бу таълим даргоҳларини аҳоли яшайдиган масканларнинг қаеридан ва қандай қуриш керак деган савол табиий равишда пайдо бўлади.

Бунинг учун биринчи навбатда мазкур соҳадаги ўз ютуқларимизни, айниқса камчиликларимизни чуқур таҳлил қилиш керак.

Иккинчидан, янгилик яратмасдан, қарорда айтилганидек илғор мамлакатларнинг бу соҳалардаги тажрибасини ўрганиш керак.

Биринчи сабоқ: Кейинги йилларда лицей ва коллежларнинг ва баъзи олий ўқув юртларининг бинолари юқори раҳбариятнинг топшириғи билан катта йўлларнинг атрофларида қурилди. Мисол тариқасида, СамДУнинг 1- ва 2-Академик лицейларининг биноларини келтириш мумкин. Бундай жойларда қурилган биноларнинг синф хоналарида шовқин даражаси катта. Май ва июнь ойларида деразаларни очишга тўғри келишини ҳамда келажакда катта йўллардаги машиналар оқимининг зичлиги ортишини ҳисобга олсак, шовқин даражаси нормал таълим олишга жиддий халақит беради. Кўпчилик Академик лицей коллежларнинг ҳовлиси йўқ.

Иккинчи сабоқ: Совет вақтида қурилган баъзи мактабларнинг, олий ўқув юртларининг бетон плиталардан қурилган биноларида ҳаддан ташқари катта деразалар қўйилган. Бошқача қилиб айтганда, бир девор йўқ ҳисобида. Масалан, Миллий университетнинг кимё ва физика, СамДУнинг физика-кимё факультетлари жойлашган биноларда шундай деразалар бор.

Биринчидан, бу ойналар орқали синф хоналарига, аудиторияларга катта миқдорда ёруғлик тушади. Агар деразалар шарққа қараган бўлса, эрталаб қуёш чиққандан ёруғлик деразага яқин жойлашган парталарда ўтирган ўқувчилар, талабаларга тушади. Ҳеч қандай парда билан уни тўсиш имкони йўқ. Иккинчидан, қиш ойларида уларни иситиш жуда қийин, ёки нормал иситиш учун катта миқдорда энергия сарфлаш керак. Ўзбекистонда қуёшли кунлар кўп бўлишини ва энергия манбалари камлигини ҳисобга олсак, бу деразалар ҳамма томондан зарар.

Учинчи сабоқ: Академик лицей, коллеж ва мактабларда жуда катта мажлислар заллари бор. Биринчидан, мажлис ҳар кун ўтказилмайди шунинг учун, улар аксар вақт бекор туради. Иккинчидан, улар ҳашаматли қилиб қурилганлиги боис бутлаш учун кўп харажат ва иситиш учун эса кўп энергия бекорга кетади. Кичик мажлисларни каттароқ синф хонасида, катта мажлисларни эса ёпиқ спорт залда ўтказиш мумкин. Ёки айнан мажлис ўтказишни назарда тутиб лойиҳага ўқувчилар сонини ҳисобга олиб битта 60–70 кишилик синф хонаси қуришни киритиш керак. Мажлисдан ташқари вақтда у синф хонаси сифатида ишлатилади.

Мактабларда ўқувчиларнинг иштирокида ўтказиладиган умумий мажлисларда, томошаларда ҳамма ўқувчиларнинг ўтириши шарт эмас. Ҳатто Буюк Британия парламентида 650 депутат бўлган ҳолда 427та ўтирадиган ўрин бор, шунинг учун уларнинг бир қисми тик туради. Ҳар бир иншоот қайси мақсадга мўлжалланганлигига қараб, унга жой танланиши азал-азалдан маълум. Завод-фабрикалар шаҳарнинг четида, магазин, кинотеатр, бозор, ресторан, тўйхоналар катта йўлларнинг атрофида қурилади ва ҳоказо.

Таълим муассасалари ҳавоси тоза, автомобил шовқинларидан узоқ, хавфсиз, ақлий фаолият ва мулоқот учун қулай шароитлар яратиш мумкин бўлган жойларда қурилиши керак. Дарс вақтида ўқувчининг ва ўқитувчининг хаёли бўлинмаслиги, кутубхонада ўтирганда, бирор муаммо устида ўйлаганда, ўзаро мулоқот қилганда шовқин-суронлардан ва турли ҳидлардан узоқ бўлиши керак.

Халақит берувчи омиллар бўлган вақтда миянинг ишлаш фаолияти пасаяди, зўриқади, чарчайди. Ўқиш ва ўқитишнинг унуми эса айнан шу органнинг актив фаолиятига боғлиқ.

Буларга қўшимча синф хоналарининг, аудиторияларнинг деразалари иложи борича шарққа яъни Куёш чиқадиган томонга қараб қурилмаслиги ва уларнинг ўлчами катта бўлмаслиги керак, чунки дарслар асосан биринчи сменада бўлади. Бунинг сабаби биринчидан, мамлакатимизда қуёшли кунлар кўп, иккинчидан, ҳозирги вақтда дарсларда проекторлар, электрон доскалар, компьютерлар қўлланилади (келажакда уларнинг тури ва сони ошади). Уларда намойиш қилинадиган ўқув материалларининг яхши кўриниши учун хонага, асбобларга ва экранга ёруғлик тушмаслиги керак.

Юқорида айтганимдай хонага интенсив ёруғлик тушса у ўқишга ҳам халақит беради. Илож бўлмаган тақдирда деразалари шарққа қаратиб қуриладиган биноларнинг деразасининг орқа томонида ёруғликни тўсадиган, зич ёпиладиган, ичкарида туриб пастга ва юқорига силжитиш мумкин бўлган «парда»лик қилиб лойиҳалаштирилиши керак. Боғча ва мактабларни уйга яқин жойлардан, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларини эса тинч, ҳавоси тоза жойлардан қуриш керак. Буларнинг ҳаммаси катта автомобил йўлларидан четда бўлиши керак. Шундай қилинса, нафақат уларнинг ўқиши учун, балки хавфсизлиги учун ҳам шароит таъминланган бўлади.

Мен ўзим бўлган мамлакатларда (Америка, Германия, Россия) таълим даргоҳлари узоқ вақтлардан бери айнан шундай жойларда қурилганлигининг гувоҳи бўлдим. Буни Тошкентда туриб интернет орқали космик кемалардаги фотоаппаратлар билан туширилган суратлар ва қўшимча маълумотлар ёрдамида ҳам ўрганиш мумкин.

Республикамизнинг иқлим шароити кескин континентал яъни, қиш совуқ, ёз эса иссиқ. Ҳароратнинг йиллик ўзгариши жуда катта.

Иккинчидан, Республикамиз асосан аграр мамлакат бўлганлиги учун, етиштирилган қишлоқ хўжалик махсулотлари асосан кузда йиғиб териб олинади, баҳорда эса экиш билан боғлиқ дала ишлари бошланади. Қишлоқ жойларидаги ўқувчилар қишлоқ хўжалигининг баъзи ишларида ота-оналарига ёрдам беришади. Уларнинг асосий иши, яъни унумли ўқиш кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларига тўғри келади. Шунинг учун иш ва ўқиш жойларида нормал шарот яратиш учун кузда ва қишда биноларни албатта иситиш зарур.

Кичик шаҳарлар, туман марказлари айниқса қишлоқ жойларидаги мактабларни иситиш системаси автоном, алоҳида бўлиши керак. Ҳар бир мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртида ўқувчиларнинг сонига қараб, албатта, спорт турлари бўйича бир нечта очиқ стадион, катта боғ ёки дарахтзор, машиналар қўйиладиган гаражга эга бўлган ҳовли бўлиши керак.

Катта шаҳарларда аҳолининг кўпчилиги кўп хонадонлик этажли уйларда туришини ҳисобга олсак, айнан мактаб, ҳам ўқиш, ҳам ўйнаш, ҳам мулоқот, ҳам спорт билан шуғулланиш учун ягона жой ҳисобланади.

Буларни ёзиб мен бирорта янгилик айтаётганим йўқ. Ҳозир мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларида қурилишларнинг кўлами кенгаймоқда. Қурилишлар учун ер майдонлари ажратиш катта бизнесга айланганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Боғча, мактаб ва олий ўқув юртларининг ҳаммаси ҳозирча давлатга қарашли, уларнинг қурилиши учун ер майдонларини ҳам давлатнинг жойлардаги тегишли идоралари ажратади.

Шунинг учун уларнинг жойини танлашда ва етарли ер майдони ажратишда мансабдор шахслар уларга «ёмон жой» ажратиши ва ер майдонини қисқартириш ҳисобига тежалган ерни «бизнес» қилиш эҳтимоли жуда катта. Чунки уларнинг орқасида пора берадиган «эга» йўқ, ҳокимиятнинг ўзи «эга» ҳисобланади. Улар лавозимда вақтинча турганини, амал курсининг ваколати бойлик орттиришга шароит яратишини ва давлатдан «уриб қолса» уни «эгаси» йўқлигини яхши билишади. Шу сабабга кўра бу ишларни лойиҳалаштириш босқичини ҳам назоратдан ўтказиб кейин тасдиқлашнинг механизми бўлиши керак.

Шунинг учун мактабгача тарбия муассасалари, ўрта мактаблар ва олий таълим муассасаларига масъул бўлган вазирликлар лойиҳалаш ташкилотлари билан биргаликда масалан 50, 100, 200, 500 ва ҳоказо кишилик, боғча, мактаб ва олий ўқув юртининг бинолари ва ҳовлиси қандай бўлиши ва унинг қурилиши учун қанча ер майдони ажратишни аниқ билиши, стандарт ишлаб чиқиши керак (улар бор, лекин уларда зарур шароитлар яратилган ҳовли, яшил боғ, ёзги стадионлар ва бинони Қуёшга нисбатан қандай жойлаштириш масалаларига етарли эътибор берилмаган).

Кейин шу стандартлар лойиҳа ташкилотлари ҳокимиятлар томонидан бош режаларга кириши, бош режаларни эса таълимга масъул бўлган вазирликларнинг рухсатисиз тасдиқламаслик керак. Лойиҳа қандай бўлса, қурилиш ҳам 100 фоиз шундай бўлиши лозим. Ишлаб турган таълим даргоҳларини зарурат туғилганда кенгайтириш ҳозиргидек уларнинг ҳовлисини кичрайтириш ҳисобига эмас, балки атрофидаги бошқа объектларни ҳатто турар жойларни кўчириш ҳисобига бўлиши керак. Бу тавсиялар матбуотда муҳокама қилиниб, кенгайтирилса, такомиллаштирилса ва Вазирлар Маҳкамасининг Қарори кўринишида расмийлаштирилиб ҳокимликларга, архитектура ва қурилиш қўмиталарига, биноларни қабул қилувчи, таъмирловчи ташкилотларга, бош режалар тузаётган ташкилотларга бажариш учун мажбурий ҳужжат сифатида берилса янада яхши бўларди.

Таълим тарбия ва ўқув мақсадлари учун қурилган бинолар, биринчи навбатда ўзининг салобати ва ташқи чиройи билан эмас, балки унда асосий мақсадни амалга ошириш учун яратилган шарт-шароити билан баҳоланиши лозим. Таълим соҳасидаги ишларни биринчи навбатда нормал ўқиш, таълим олиш учун шарт-шароит яратишдан бошлаш менимча тўғри бўлади. Чунки ўз фарзандларининг таълим олиши учун нормал шароит яратиб бериш давлатнинг вазифасига киради.

Абдулла ҚУВВАТОВ,

Самарқанд давлат университетининг доценти

Мавзуга оид