Ўзбекистон | 18:40 / 18.03.2018
13344
2 дақиқада ўқилади

«Истеъдод» жамғармаси​ илмий изланишлар учун грантлар танловини эълон қилмоқда

Фото: iStock

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги «Истеъдод» жамғармаси Жанубий Кореянинг Сежонг Университети билан ҳамкорликда магистратура ва докторантура босқичида грант асосида илмий изланишини бошламоқчи бўлган ёшларни танловда иштирок этишга таклиф этади Бу ҳақда жамғарма вакили Kun.uz'га маълум қилди.

Тадқиқот мақсадида ўқишни давом эттирмоқчи бўлган ёшлар 17та, жумладан дизайн, архитектура, қишлоқ хўжалиги, дастурлаш, машинасозлик, электроника, роботехника каби йўналишлардан бирида хусусий ихтисосликда танловда иштирок этиши мумкин.

Ўқиш ва илмий изланиш якунига қадар ҳар бир тадқиқотчига 700-1100 АҚШ доллари миқдорида ойлик стипендия тақдим этилади. Бундан ташқари, ўқиш тўлови билан боғлиқ харажатларининг барчаси Сежонг Университети томонидан қопланади.

Талабгор IELTS бўйича 6.0 (3 йил иш тажрибасига эга, мақоласи халқаро илмий конференция/журналда эълон қилинган талабгорлар учун IELTS бўйича 5.5 даражадан паст бўлмаган натижа сўралади) даражага эга бўлиши маълум қилинади. Мазкур танловда 30 нафар ёш изланувчи саралаб олиниши айтилмоқда.

Танловда иштирок этишни истаган ёш изланувчилар жорий йилнинг 28 март кунига (соат 18:00) қадар қуйидаги ҳавола орқали анкеталарни тўлдириши, шунингдек, батафсил тузилган резюмесини (инглиз тилида) ganiev@istedod.uz электрон манзилига боғланиш учун уяли алоқа рақамини қолдирган ҳолда юбориши сўралади. Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган талабгорлар 30 март куни эса Сежонг Университети профессорлари билан суҳбатга таклиф этилади.

Барча мурожаатлар бўйича жамғарма вакили Жаҳонгир Зоҳидов билан (+99871) 232 6017 рақами орқали боғланиш мумкин.

Мавзуга оид