19:40 / 20.03.2018
13419

Европанинг 13 та давлатидаги турмалар тўлиб-тошгани маълум қилинди  

Фото: William Widmer/Redux

Европанинг 13 та давлатидаги турмалар тўлиб-тошган бўлиб, улардаги маҳбуслар сони ўринлар сонидан анча кўпроқни ташкил қилади. Бундан 20 март куни Европа кенгаши томонидан чоп этилган “Ахлоқ-тузатиш муассасалари статистикаси” маърузасидаги маълумотлар дарак бермоқда. Маълумотларга кўра, ўта номақбул вазият Македония ҳамда Венгрияда юзага келган. Бу давлатлардаги турмаларда 100 ўринга 132 маҳбус тўғри келмоқда. Ундан кейин рўйхатда Кипр (100 ўринга 127 маҳбус), Бельгия (120) ва Франция (117) келмоқда. Шунингдек, рўйхатга Португалия (109), Италия (109) ва Албания (108) киритилган.

“Европа турмаларида деярли бўш жой қолмаяпти. Ўртача кўрсаткич 10 та ўринга 9 маҳбусга тенг”, деб айтилган маърузада. Унда таъкидланишича, Европада яна бир муҳим кўрсаткич – 100 минг аҳолига маҳбуслар сони ҳам ортиб бормоқда. 2015 йилдан 2016 йилгача бу кўрсаткич 115,7 маҳбусдан 117,1 маҳбусга ошган.  

Европа кенгаши мутахассисларининг фикрича, ҳозирги вазият биринчи навбатда бир қатор давлатларда жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш доирасида жазо муддатлари ошгани билан боғланган. Айни вақтда маҳбусларнинг Европадаги турмаларда қолиши ўртача муддати 8,5 ойни ташкил қилади.

Қамоқлардан озодликка чиқарилганлар сони 2014 йилдаги 100 минг аҳолига 142 кишидан 2015 йилда 135 кишигача камайган. 2016 йилда бир турма назоратчисига тўғри келадиган маҳбуслар ўртача сони 3 кишини ташкил қилган, бу 2014 ва 2015 йиллардаги кўрсаткичларга мос келади.

Маърузада айтилишича, Европа турмаларида хорижлик маҳбуслар сони охирги йилларда камайиб бормоқда. Бундан фақатгина 2015-2016 йиллардаги давр мустасно бўлиб, ўшанда бу кўрсаткич 10,8 фоиздан 11,6 фоизгача ошган. 

Европа турмаларида аёллар маҳбусларнинг кичик қисмини ташкил қилади. Бу кўрсаткич 5,3 фоизга тенг. 

Top