Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ёш ва қудратли шаҳзода АҚШда: Муҳаммад ибн Салмоннинг истак ва режалари
19 март куни АҚШга етиб келган Саудия Арабистони тахти валиаҳди Муҳаммад ибн Салмоннинг ташриф варақасида кўплаб Америка шаҳарларида бўлиш белгиланган.
Иқтисодий қайта тикланиш ва ислоҳотлар бошланиши кутилаётган Саудияда барча амалдорлар шаҳзодани амалдаги қирол сифатида кўришни бошлаган. Нефть экспортига қарам бўлиб қолган иқтисодиётни кенгайтириш ва турли соҳаларни ривожлантириш Саудия учун айни пайтда муҳим ва манфаатли вазифа.
Валиаҳдлик ўрнини амакиваччаси билан алмашган Муҳаммад ибн Салмон биринчи хорижий ташрифни АҚШдан бошлади. Уни президент Дональд Трамп пойтахт Вашингтонда қарши олди.
Шаҳзоданинг ташрифи ортида кўплаб масалаларга ойдинлик киритилиши кутилган: ўтган йили ноябрда ҳибсга олинган саудиялик шаҳзодалар, Ямандаги ҳарбий амалиёт ва шиалар билан тўқнашувлар шулар сирасидан. Шунингдек, ушбу ташриф йил охирида Саудия Арабистон қироли Салмон ибн Абдулазиз АҚШга келишидан аввал фундаментал келишувларни белгилаб беради.
Шаҳзода Вашингтондан ташқари, Нью-Йорк, Бостон, Ҳьюстон, Лос-Анжелес, Сан-Франциско ва Сиэтл шаҳарларига ташриф буюриши режалаштирилган.
Оқ уйда ўтган учрашувда икки давлатнинг қудратли вакиллари асосан мудофаа ва иқтисодий масалаларга урғу берди. Айни пайтда Саудия Арабистони Мудофаа ишлари вазири лавозимида иш олиб бораётган валиаҳд Қатар ва Яман масаласида АҚШ билан келишиб олиши шарт. Бу музокаралар ёпиқ эшиклар ортида кечди.
Шаҳзода америкалик журналистлар қаршисида «Эрон ядро қуролига эга бўлса, Саудия ҳам тезлик билан унга (ядро - таҳр.) эришиши» муқаррар эканлигини таъкидлади. Дональд Трамп «Америка учун қўшимча ишчи ўрни яратишга имкон берувчи бир неча 10 миллиард долларлик шартномалар» тузилганини билдирди. Оқ уй Матбуот котибининг айтишича, бу келишувлар қурол-яроғ сотувига оид шартномаларда акс этган.
Араб шаҳзодаси 24 март куни Бостонга ташриф буюриб, MIT олийгоҳида бўлиши кутилмоқда. Саудия Арабистонида нефть ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича Saudi Aramco ва MIT ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, эндиликда таълим соҳасида ҳам яқин муносабатлар ўрнатилиши мумкин.
26 март куни эса Нью-Йорк шаҳрида шаҳзода БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш ва америкалик ишбилармонлар билан учрашуви режалаштирилган. Коррупцияга қарши аёвсиз кураш хорижий сармоядорларни бир муддат Саудия сиёсатидан узоқроқ туришга мажбур қилганди, эндиликда Муҳаммад ибн Салмон америкалик ишбилармонларни қайтадан мамлакат сиёсатига ишонтириши лозим.
30 март кунига қадар саудиялик валиаҳд Apple ва Google раҳбарияти билан музокаралар олиб бориши билдирилмоқда. Силикон водийсида ўтказилиши кутилаётган учрашувларда шаҳзоданинг таклифлари ошкор этилади. Saudi Aramco бошқарувчиси Амин Носирнинг айтишича, валиаҳд Amazon ва Alphabet раҳбариятига Саудияда data марказларни ташкил қилиш бўйича таклифни билдирган.
Мавзуга оид
19:38 / 06.11.2023
Яна бир юз йиллик уруш ёки сулҳ — Саудия Арабистони Исроил ва Фаластинни яраштириши мумкинми?
13:50 / 17.08.2022
Муҳаммад ибн Салмон Каъбанинг ичини ювиб чиқди
16:45 / 23.11.2021
«Иқтисодий ўсиш ва хилма-хиллик учун катализатор» — Саудия шаҳзодаси сузиб юрувчи эко-шаҳар ҳақида
22:06 / 26.10.2021