Жаҳон | 22:06 / 26.10.2021
25333
10 дақиқада ўқилади

«Россиядан заҳарли узук»: қочқиндаги разведкачи саудлар шаҳзодасини марҳум подшоҳни ўлдирмоқчи бўлганликда айблади

Саудия разведкасининг собиқ юқори мартабали вакилининг маълум қилишича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон марҳум подшоҳ Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Ол Саудни Россиядан олиб келиниши керак бўлган заҳарланган узук ёрдамида ўлдириш нияти ҳақида гапирган.

Фото: Getty Images

Ўз вақтида Саудия разведкасида муҳим шахслардан бири бўлган Саад ал-Жабрий CBS телеканалига берган интервьюсида айтишича, Муҳаммад ибн Салмон 2014 йилда ўз амакиваччаси Муҳаммад ибн Наиф билан суҳбат чоғида тахтни отасига бўшатиш учун подшоҳ Абдуллоҳдан қутулмоқчи экани ҳақида ишора қилган. Ўша вақтда ҳукмрон сулола вакиллари ўртасида тахт ворислиги борасида тортишувлар юзага келганди.

Жабрий Америкадаги CBS корпорациясининг «60 дақиқа» номли дастурига берган интервьюсида подшоҳ Салмоннинг ўғли, валиаҳд шаҳзода, амалда Саудия Арабистонининг мутлақ ҳукмдори Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Саудни «қотил, Яқин Шарқда чекланмаган ресурсларга эга бўлган, ўз халқига ҳам, америкаликларга ҳам ва бутун сайёрага ҳам хавф туғдирувчи психопат» деб атаган.

Собиқ разведкачи шаҳзода 2014 йилда амакиваччаси, ўша вақтда мамлакат ички ишлар вазири лавозимида бўлган Муҳаммад ибн Наиф билан суҳбатда подшоҳ Абдуллоҳнинг ўлдирилишини ташкиллаштира олиши ҳақида айтганини маълум қилди.

Муҳаммад ибн Салмон 2017 йилда ўзини амакиваччаси Муҳаммад ибн Наиф ўрнига валиаҳд сифатида эълон қилганди
ANADOLU AGENCY

«У шундай деганди: «Мен подшоҳ Абдуллоҳни йўқ қилмоқчиман. Менга Россиядан заҳарланган узук етказиб беришади. Қўлини сиқсам кифоя ва барчаси тугайди». Балки у шунчаки мақтангандир, аммо у шу гапларни айтган ва биз буни жиддий қабул қилганмиз», дея ҳикоя қилади Жабрий. Унинг сўзларига кўра, шундан кейин бу гапни ҳамма унутган, аммо учрашув яширин камера орқали ёзиб олинганди ва у видеоёзувнинг икки нусхаси ҳозирда қаерда сақланишидан хабардор.

Подшоҳ Абдуллоҳ 2015 йилда, 90 ёшида вафот этган ва тахт унинг ўгай укаси, Муҳаммад ибн Салмоннинг отаси бўлмиш Салмонга ўтган. Подшоҳ Салмон тахтга чиққанида шаҳзода Муҳаммад ибн Наифни валиаҳд шаҳзода этиб тайинлаганди.

Аммо 2017 йилда ибн Салмон валиаҳд шаҳзодага айланади, ибн Наиф эса ички ишлар вазири лавозимидан маҳрум бўлади, айрим маълумотларга кўра у ўшанда уй қамоғига ўтказилган, ўтган йили уни қўлга олишган, унга қандай айблов қўйилгани маълум эмас. Жабрий ибн Наиф лавозимдан четлатилганидаёқ, 2017 йилда Канадага қочиб кетганди.

Интервьюда у Яқин Шарқ мамлакатларидан биридаги разведкачи дўсти уни 2018 йил октябрида, саудиялик жосуслар Туркияда журналист Жамол Қошиқчини ўлдиришганидан бир неча кун ўтиб, ибн Салмон собиқ разведкачини ҳам йўқ қилиши керак бўлган гуруҳ жўнатгани ҳақида огоҳлантирганини айтади.

Жабрийнинг сўзларига кўра, ўшанда олти кишидан иборат гуруҳ Оттава аэропортига қўнган, аммо божхоначилар юкхонада «шубҳали ДНК-текширув ускунаси» аниқлашгани туфайли уларнинг барчаси ортга қайтариб юборилган.

Ўтган йили Жабрий АҚШ федерал судига саудиялик шаҳзодага қарши даъво киритган - уни қотилликка уринишда айблаган.

Ибн Салмон ўшанда барча айбловларни рад этган. У Қошиқчининг ўлимига алоқадорлиги бўйича айбловни ҳам рад қилган, Америка разведкаси эса журналистни йўқ қилиш бўйича амалиёт шаҳзоданинг шахсан ўзи томонидан маъқулланган деб ҳисоблайди.

2015 йилда, подшоҳ Абдуллоҳ (чапда) вафот этганида, Саудия тахтига унинг укаси Салмон (ўнгда) чиқади / AFP

Саад ал-Жабрий ким бўлган?
Жабрий кўп йиллар мобайнида 2000-йиллар бошида Саудия Арабистонида «Ал-Қоида» устидан ғалаба қозонган» шаҳзода Муҳаммад ибн Наифнинг ўнг қўли ва маслаҳатчиси бўлган. Жабрий Саудия разведкаси ҳамда АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландиядан иборат разведка хизматлари бўйича «катта бешлик» ўртасидаги алоқаларда муҳим ўринни эгаллаган.

Ғарб разведка хизматларидаги манба маълумотига кўра, 2010 йилда Саад ал-Жабрий туфайли юзлаб кишиларнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Ўшанда «Ал-Қоида» террорчилари Ямандан Чикагога учган юк самолёти бортига кучли бомба киритишга муваффақ бўлишганди. Портловчи қурилма принтерлар учун картрижлар тўплами орасига яширилганди.

Саудияликларнинг «Ал-Қоида»да ўз информатори бўлган, у орқали МИ-6 (британ разведкаси)га нафақат портловчи қурилма ҳақида маълумот берилган, балки қидирилиши керак бўлган картрижнинг серия рақами ҳам етказилган.

Британия аксилтеррор бўлинмаси самолёт Англиядаги Ист-Мидланс аэропортига ёнилғи қуйиш учун тўхтаганида бомбани топишган ва зарарсизлантиришган. «Агар режалаштирилганидек, самолёт Чикаго осмонида портлатилганида, юзлаб кишилар ҳалок бўлган бўларди», дейди манба.

BANDAR AL-GALOUD

«Доктор Жабрий Саудия Арабистонининг терроризмга қарши сиёсатини қайтадан қурди», дейди Ғарб разведкасининг истеъфодаги ходимларидан бири.

«Фақат қийновлар билан тан олдиришга ўрганган, зўравонлик машинасини эслатувчи Саудия разведкаси юқори технологиялар билан таъминланган замонавий тизимга айланади, улар генетик экспертизаларни ўтказишни ўрганишди, компьютер разведкаси усулларини ўзлаштиришди. Жабрий саудиялик ходимлар орасида ишни тушунувчи энг ақллиси эди. Қолганларнинг барчаси ишончсиз эди», дейди у.

Кўзойнакдаги сокин киши, Эдинбург университетида сунъий интеллект соҳасида доктор даражасини олган Жабрий Саудия ҳукуматида юқори поғоналаргача чиқиб боради: у ички ишлар вазирлиги генерал-майори мақомига эга ва вазирга тенглаштирилганди.

Аммо 2015 йилда барчаси ўзгариб кетади.

Подшоҳ Абдуллоҳ вафот этади ва тахтга унинг укаси Салмон чиқади. У дарҳол ўзининг ёш ва давлат ишларида тажрибасиз бўлган ўғли Муҳаммад ибн Салмонни мудофаа вазири этиб тайинлайди.

МБСнинг вазир сифатидаги илк буйруқларидан бири Яманга бостириб кириш тўғрисида бўлади. Ҳукуматдаги кўпчилик тажрибали сиёсатчилар қатори Жабрий ҳам Ар-Риёднинг қўшни давлатдаги фуқаролик урушида қатнашишига қарши эди: генераллар агар саудияликлар бу урушга кирса, ундан чиқа олмаслигидан огоҳлантиришади.

Чиндан ҳам, беш йил ўтиб ҳам Саудия Арабистони ҳамон Ямандаги ҳарбий ҳаракатлар учун миллионларни сарфлашда давом этмоқда ва уруш тугашидан дарак йўқ.

2017 йилда МБС отасининг марҳамати билан саройда қон тўкмаган ҳолда тўнтариш амалга оширади: у тахт вориси Муҳаммад ибн Наифни четлаштиради ва ҳокимиятни эгаллаб, ўзини валиаҳд деб эълон қилади.

Четлатилган шаҳзода уй қамоғига ташланади, унинг банк ҳисоблари ва мулклари музлатиб қўйилади, унга содиқ кишилар ўз лавозимларидан олинади.

Саад ал-Жабрий Канадага қочади. Аммо Муҳаммад ибн Салмон барибир уни ўз ҳокимияти учун таҳдид деб ҳисоблайди.

Собиқ разведкачи оиласининг таъқибга учраши
Унинг Саудияда қолган фарзандлари режим асирларига айланишган. 2020 йил мартида Жабрийнинг иккинчи ўғли Умар ва қизи Сара уйдан ўғирлаб кетилган.

Холид Жабрий (фотода чапда) укаси Умар (ўнгда) Саудия режими учун савдолашув воситасига айланган деб ҳисоблайди

Оиланинг Ар-Риёддаги уйида тинтув ўтказилган, кузатув камераларидаги ёзувлар ўчириб ташланган, 21 ёшли Умар ва 20 ёшли Сара Дабри қамоққа олинган, уларни шундан буён ҳеч ким кўрмаган.

2017 йилдан буён отаси билан бирга Канадада яшовчи Холид шу вақтгача улар оила аъзолари билан учраштирилмаганини айтади.

Жабрийнинг катта ўғлининг ҳисоблашича, Умар ва Сарани уларнинг отасига қарши ўйинда кузирлар сифатида тутиб туришибди, улар шу тариқа отани Саудия Арабистонига қайтаришни мақсад қилишган. Қочқиндаги зобит эса ватанда уни зудлик билан ҳибсга олишлари ва узоқ вақтга қамашларига шубҳа қилмайди.

Жабрийлар оиласи Саудия ҳукумати билан бетараф ҳудудда музокара ташкил этишга уриниб кўрган, аммо бу муваффақият келтирмаган. Энди улар фақат матбуот орқали гапиришлари мумкин.

«Бизни шунга мажбур қилишди. Биз ватанпарварлармиз ва Саудия Арабистонига ёмонлик тиламаймиз. Аммо Умар ва Саранинг ўғирланиши - кундуз куни қилинган давлат қароқчилиги», дейди Холид Жабрий.

BBC Саудия Арабистони ҳукуматига собиқ разведкачининг чиқиши юзасидан изоҳ сўраб мурожаат қилган. 

Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчихонаси эса CBS корпорациясига юборган хабарида Жабрийни ўзининг «миллиардлаб долларлик молиявий жиноятлари»дан эътиборни чалғитмоқчи бўлган «обрўсиз давлат амалдори» деб атаган.

Ҳозирда Саудиядаги бир қанча органлар Жабрийга қарши коррупция айбловларини текширмоқда, канадалик судья эса «фирибгарлик билан боғлиқ далиллар туфайли» унинг активларини музлатиш ҳақида қарор чиқарган.

Жабрийнинг ўзи эса давлат маблағларини ўзлаштирмагани, собиқ иш берувчилари унга жуда сахийлик билан маош тўлашганини таъкидлайди.

Сара Жабрий ҳам ташқи дунёдан узилган ва Ар-Риёддаги қамоқхоналардан бирида сақланади

Ўтган йил ноябрида, Жабрий валиаҳд шаҳзодани судга беришидан икки ой ўтиб, Саудия суди унинг ўғли ва қизини пул ювишда ва «мамлакатни тарк этишга уриниш»да айблаб, мос равишда 9 ва 6,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Разведкачининг болалари қўйилган айбловларни тан олмаган.

Апелляция суди судланувчилар иштирокисиз ўтган яширин суд мажлисида ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид