10:53 / 24.03.2018
19419

Қайта тикланган «Сурхон» бир қатор машҳур футболчилар билан шартнома тузди

Термизнинг «Сурхон» жамоаси янги мавсум олдидан бир қатор янги футболчилар ва мураббийлар билан шартнома имзолади. 

Бир неча йилдан буён деярли фаолият кўрсатмай қўйган клуб жорий мавсум олдидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ҳомийлигига ўтказилди ва натижада жамоа бир қатор эътиборли футболчиларни таркибга жалб қилди.

Фото: «Сурхон» жамоаси матбуот хизмати

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси билан Осиё чемпионлигини қўлга киритган Дилшод Нуралиев бундан буёғига жамоа бош мураббийи сифатида ишлайдиган бўлди. Ўз вақтида «Тўпаланг» жамоаси раҳбари бўлгани Абдуғани Сангинов эндиликда «Сурхон»га худди шундай лавозимга тайинланди.

Термиз давлат университети мажлислар залида бўлиб ўтган таништирув маросимида жамоанинг янги аъзолари Баҳриддин Ваҳобов, Фарҳод Тожиев ва Ислом Иномов таништириб ўтилди. Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этди.

Фото: «Сурхон» жамоаси матбуот хизмати

Ўз навбатида жамоа раҳбари Сангинов клуб олдига қўйилган асосий мақсад келгуси мавсумда суперлига йўлланмасини қўлга киритиш эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Фото: «Сурхон» жамоаси матбуот хизмати
Top