Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мозамбик ва Танзаниядаги автоҳалокатлар кўплаб одамлар ҳаётига зомин бўлди
Мозамбикда енгил автомобил йўлдан чиқиб кетиб, яқин атрофда базм уюштираётган бир гуруҳ ёшларга бориб урилиши оқибатида 21 киши ҳалок бўлди, 30 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Club of Mozambique ахборот портали маълум қилди.
Автоҳалокат 25 мартга ўтар кечаси Мапуто шаҳрида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, автомобил бир нечта тўсиқларга, сўнгра пиёдалар кўпригига урилган. Жароҳатланганлар шифохоналарга етказилган. Уларнинг кўпчилиги ёшлардан иборат.
Воқеа сабаби номаълумлигича қолмоқда, бироқ мутасадди идоралар ҳайдовчи маст бўлганини истисно қилишмаяпти.
Шунингдек, Африканинг яна бир давлати – Танзанияда микроавтобус билан юз берган йўл-транспорт ҳодисасида 24 киши ҳалок бўлди, 10 киши жароҳат олди. Бу ҳақда полиция вакилига иқтибос келтирган ҳолда Citizen Today маҳаллий нашри маълум қилди.
Йўл-транспорт ҳодисаси 24 март кечки вақт юз берган. Маълум қилинишича, микроавтобус Мпарангада юк машинаси билан тўқнашган. Қолган тафсилотлар аниқлаштирилмоқда.
Кўплаб қурбонлар билан юз берувчи йўл-транспорт ҳодисалари Африка давлатлари учун камёб ҳолат эмас. Автоҳалокатларга одатда транспорт воситаларининг ёмон техник ҳолати, йўлларнинг ёмонлиги ва йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик сабаб бўлади.