Жаҳон | 07:34 / 28.03.2018
5071
2 дақиқада ўқилади

Анқара Европа Иттифоқи-Туркия саммитида ўзига нисбатан адолат кўрмади – Йилдирим

Фото: AFP 2018 / Adem Altan

Анқара Варнада ўтган Европа Иттифоқи-Туркия саммитида ўзига нисбатан тенг ҳуқуқли муносабатни учратмади. Бу ҳақда Туркия бош вазири Бинали Йилдирим айтиб ўтди. 

Европа Иттифоқи етакчилари ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида ўтган саммит 26 мартда Болгариянинг Варна шаҳрида бўлиб ўтди.

“Икки томон қизиқиш билдираётган Божхона иттифоқини кўриб чиқиш ишлари маънисиз кутиш ҳолатига ўтказилди. Туркия қуролли кучларининг чегараларимиз хавфсизлигини таъминлаш ва давлатимиздаги қочқинларнинг ўз юртларига қайтариш мақсадида ўтказаётган амалиётлари Европа Иттифоқи томонидан мунтазам танқидга учрамоқда. Варнада, ҳар доимгидек, Анқара ҳалол ва очиқ позицияни эгаллади. Президент Эрдўған суҳбатдошларимизга барча далиллар, ҳужжатлар ва ахборотни тақдим қилди. Шунга қарамай, Туркия-Европа Иттифоқи саммитида биз Анқарага нисбатан тенг ҳуқуқли муносабатни кўрмадик”, деб айтган Йилдирим Туркиянинг етакчи Адолат ва ривожланиш партиясининг парламентдаги фракцияси йиғилишида.

Унинг айтишича, Туркия 2016 йил мартда имзоланган миграция келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажариб, Европа давлатларига Ироқ ва Суриядан қочқинлар оқимини тўхтатди. Европа Иттифоқи бунга жавобан Туркия фуқаролари учун туристик визаларни бекор қилиши керак эди, бироқ буни қилмади.

Йилдиримнинг айтишича, Европа Иттифоқи Туркияга қочқинларга сарфланган харажатлар учун 3,3 млрд евро миқдорида моддий ёрдам тўлаши керак эди, бироқ бюрократик сусткашлик сабабли буни ҳам амалга оширмаган.

Бош вазирнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Туркиядаги 2016 йил 15 июлдаги давлат тўнтарувига уринишда унга етарлича кўмак кўрсатмаган, аксинча, Анқара исёнчиларга қарши қўллаган чораларни Туркияни Европа Иттифоқига олмаслик важи сифатида қўллаган. 

Туркия 1963 йилда Европа Иттифоқи билан ассоциация ҳақида келишув имзолаган, 1987 йилда эса иттифоқда аъзоликка ариза берган. Бироқ Туркиянинг Европа Иттифоқи таркибига кириши бўйича музокаралар 2005 йилдагина бошланган ва келишмовчиликлар сабабли бир неча марта тўхтаб қолган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид