14:56 / 28.03.2018
33166

Тошкент конференцияси: анжуман қандай ўтказилди?

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

​26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида Афғонистон масаласига бағишлаб, ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияда можаро иштирокчиси «Толибон» ҳаракати вакиллари иштирок этмади. Шундай қилиб, анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари, 25 давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган ахборот манбасига кўра, анжуман бошланишига оз муддат қолганда, толиблар Ўзбекистондаги муҳокамага қўшилиш истагини билдирган, бироқ расмий Тошкентга кўра, «Толибон» ҳаракати вакиллари дипломатик алоқа йўллари ёки тўғридан-тўғри анжумандан иштирок этиш истаги мавжудлигини маълум қилмаган.

«Биз учун йирик ҳамкор - Ашраф Ғани бошчилигидаги Афғонистон ҳукумати ҳисобланади. Албатта, Тошкентда ўтказилаётган конференция барча учун очиқ ва платформа шаклида фойдаланиши мумкин», деб журналистларга жавоб берган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев. 

Олий Мажлисининг Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эса анжумандаги нутқида «Ўзбекистон ҳар қачон Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида музокараларни бошлашга шароит яратишга» тайёрлигини билдирди. Яъни, музокаралар учун муайян талаблар қўйилмаслиги, қурол билан таҳдид қилиш ҳамда аввалдан шартларни белгиламаслик зарур.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

«Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги конференцияда Афғонистонга чегарадош қўшни мамлакатлар, Марказий Осиё давлатлари ҳамда ЕИ, Яқин ва Узоқ Шарқ давлатлари ҳам масала юзасидан бир хил қарашни илгари сурди: можарони ҳал этиш учун «Толибон» ҳаракати ва Афғонистон ҳукумати вакиллари бир столга ўтириши лозим. Халқаро майдонда кўп масалада икки хил қарашга эга бўлиб турган АҚШ ва Россия Ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари - Томас Шеннон ҳамда Сергей Лавров Афғонистон масаласида фақат консенсус ва музокаралар зарурлигини таъкидлади.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Шунга қарамай, Россия Ташқи ишлар вазири анжуман якунида руслар «Афғонистонда катта таъсирга эга бўлаётган «Толибон» ҳаракати вакилларининг террорчилик фаолияти» ва «минтақада ўсиб бораётган ИШИД кучлари» ҳақида гапириб ўтди. Вазир сўзларига изоҳ бераркан, Афғонистон масаласида БМТ Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган махсус резолюциясини эслаб ўтди.

Тошкент конференцияга қадар БМТ Хавфсизлик Кенгаши Афғонистон масаласи юзасидан алоҳида резолюция қабул қилганди. Унга кўра, «Толибон» ҳаракати вакиллари халқаро террорчилик гуруҳлари билан алоқаларни узиб, аввалдан шарт қўймай, қурол билан таҳдид қилмасдан музокаралар учун бир столга ўтириши лозим. Айни пайтда толибларнинг бир Афғонистон ҳукумати билан бир столга ўтириши резолюция талабларини қабул қилганини билдиради.

Россиялик дипломат сингари, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон ҳам «ҳаракат вакиллари музокарага киришмай, қуролли тўқнашувларни давом эттирса, ғарбнинг уларга қарши курашмасдан бошқа чораси» қолмаслигини таъкидлади.

Томас Шеннон/Фото: O'zbekiston24

Анжуман давомида Қобул ва «Толибон» ўртасида муносабатлар қай даражада эканлиги, алоқа йўллари ҳақида маълумот берилмади. Умумий қилиб айтганда, барча иштирокчилар толибларни БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини тан олиб, музокараларни бошлашга чақирди. Марказий Осиё давлатлари сиёсий майдонда иқтисодий манфаатни ҳам илгари сурди. Бу Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ҳамкорлиги тизмасига Афғонистонни ҳам киритишни назарда тутади.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Рўзиохунов Алишер
Kun.uz

Top