Ўзбекистон | 16:54 / 28.03.2018
9762
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ClickSmile хизмат сифати мониторинги ва бошқаруви тизими йўлга қўйилмоқда

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ClickSmile хизмат сифати мониторинги ва бошқаруви тизими йўлга қўйилмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов KUN.UZ'га шу ҳақида маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси аҳолига хизмат кўрсатувчи барча ташкилот ва компанияларга, хусусан давлат муассасалари ва ягона дарча хизматларида, аэропортлар, вокзаллар ва автовокзалларда, божхона ва чегара постларида, меҳмонхоналар ва ресторанларда, машҳур туристик обидалар ва шу каби бошқа хизмат кўрсатиш муассасаларида мижозлар муносабатини ўрганиш имконини берувчи терминалларни ўрнатишни тавсия қилади.

Биргина тугмани босиш орқали бирйўла икки вазифа бажарилади: мижоз фикрига қулоқ тутиш ва мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф қилиш учун статистик маълумотлар йиғиш. Бу мижозларга тез ва оддий йўл билан аноним фикр билдириш имконини яратади.

ClickSmile'да хизмат кўрсатиш тизимини баҳоловчи "хурсанд бўлдим" ёки "қаноатланмадим" тугмалари бўлади. Ундаги маълумотлар Wi-Fi тизими орқали ягона серверга берилади. Улардан келиб чиқиб турли рейтинглар ишлаб чиқилади. ClickSmile тизими бирор жойга қанча мижоз ташриф буюргани ва улардан неча киши хизматлардан мамнун экани, қанчаси норози бўлиб кетгани ҳақида маълумот олиш имконини беради.

ClickSmile тизими Ўзбекистонга нима беради?

1.    Мижозлар feed back - яъни ўз муносабатини билдириш имконига эга бўлишади. Сайёҳларга кафолатланган юқори даражали хизматлар кўрсатилади.

2.    Бизнес эгалари унинг ходимлари келган мижозлар билан қандай муомалада бўлаётгани ва қандай хизмат кўрсатаётгани ҳақида доимий маълумотга эга бўлишади.

3.    Сервис яхши бўлса, бундай бизнеслар ривожланади, даромад кўпаяди ва умуман, Ўзбекистоннинг имиджи яхшиланиб, унинг жаҳон рейтингидаги ўрни кўтарилади.

4.    Аҳоли фарвонлигини оширилади ва мамлакат бюджетига тушадиган солиқ тушумлари кўпаяди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, Uzbekistan Tourism Industry Awards тизими доирасида кўпроқ ижобий баҳоланган, эътирозлар бўлмаган ёки нисбатан камроқ бўлган, мижози кўп бўлган ташкилотлар рағбатлантирилади. Уларга чорак ёки йил якунларига кўра турли мукофотлар ва сертификатлар топширилади.

Мавзуга оид