20:08 / 29.03.2018
22608

Ақтўбе қурбонларининг оила аъзоларига хайрия маблағлари етказилди

Халқимиз неча асрлардан бери яхши ва ёмон кунларни бошидан кечириб келмоқда. Албатта, ҳаёт йўллари доимо равон бўлмайди. Бу бор хақиқат. Ярангизни янгилашдан қўрқамиз. Лекин гапирмасак ҳам адолатсизлик бўлади. Оқтўбе фожиаси ҳамон қалбларимизни изтиробга солмоқда. Бир зум тин олишга, вазминликка, дангалини айтганда, дўппини ечиб, мулоҳаза қилишга ундамоқда. 

KUN.UZ таҳририяти Ақтўбе фожиаси қурбонларининг яқинлари учун махсус хайрия акцияси ўтказганди. Ўтган қисқа даврда мухлисларимиз бу акцияга бефарқ бўлишмади. Қўлларидан келганча моддий ва маънавий кўмак кўрсатишди. 

Сайт гуруҳи Наманган вилоятининг Тўрақўрғон ва Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманларида бўлиб, марҳумлар оилалари ҳолидан хабар олди ва акцияда йиғилган маблағларни эгаларига етказди.

Хайрия акциясида жами 55 миллион сўм йиғилди. Бу маблағ фожиа туфайли боқувчисини йўқотган энг муҳтож оилаларга тақсимлаб берилди - Тўрақўрғондаги 6та, Тошлоқдаги 5та оилага 5 миллион сўмдан маблағлар топширилди.

Бу тадбирга Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби Одилхон Қори Юнусхон ўғли ҳамроҳлик қилди. Тўрақўрғонда бизни туман ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев кутиб олди. Самимий суҳбатдан сўнг, фожиада ҳалок бўлганлар оилаларини зиёрат қилишга ҳокимлик вакиллари ҳамроҳлигида отландик. Даставвал, Тўрақўрғон тумани Қурама қишлоғидаги Дўстлик қабристонида ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинди.

 

Айтиш керакки, Наманган вилояти ҳокимлигининг мазкур оилаларга кўрсатаётган эътиборидан мамнун бўлдик. Жумладан, хонадонларнинг барчаси капитал таъмирланиши, имтиёзли тиббий ёрдам, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини ишга жойлаштирилиши фикримизнинг ифодаси. 

KUN.UZ ижодий сафарини шу тарзда Фарғона вилояти Тошлоқ туманида давом эттирди. Бизни тумандаги “Маҳалла” жамғармаси раҳбари ҳамда туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича муовини кутиб олди ва ҳамроҳлик қилди. 

Таҳририят хайрия акциясида иштирок этиб, мусибатли оилаларни моддий ва руҳий томондан қўллаб-қувватлаб, юксак инсонийлик намунасини кўрсатган юртдошларга, хусусан, акцияда фаоллик кўрсатган Россия ва Жанубий Кореядаги ватандошларга миннатдорчилик билдиради.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top