Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент янги қарорни имзолади
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан эълон қилинган.
Ҳужжатда қайд этилишича, ўсимликлар карантини соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро нормалар ва қоидаларга мувофиқлаштириш юзасидан фаол ишлар олиб борилмаяпти, бунинг натижасида хорижий ҳамкорлар томонидан маҳаллий маҳсулотларнинг ўрнатилган стандартларга мувофиқ эмаслиги ўз давлатларининг бозорларига олиб кирилишини рад этиш ҳолатлари қайд этилмоқда ҳамда чет элдан молиявий ва грант маблағларини жалб этиш жараёни мураккаблашмоқда.
Республика минтақаларида ҳозирги кунга қадар экспортга жўнатиладиган ҳамда карантин зараркунандалари, ўсимликлар касалликлари, бегона ўтлар ташувчиси бўлиши мумкин бўлган чет давлатлардан олиб кириладиган уруғлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ва экспертизадан ўтказиш бўйича лабораториялар мавжуд эмас. Ўсимликлар карантини соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас, бунинг натижасида мутахассисларнинг касбий маҳоратлари, уларнинг ушбу соҳадаги иш кўникмалари оширилиши таъминланмаяпти.
Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати бўлинмаларининг заиф моддий-техника таъминоти, улардаги ходимлар, айниқса, жойларда ишловчиларнинг карантин тадбирларини ўтказиш учун зарур ускуналар билан таъминланмагани ҳамда уларнинг молиявий ва ижтимоий таъминоти етарли даражада бўлмаганлиги ўзларига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни самарали ва сифатли бажариш имконини бермайди.
Қарор билан ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи идоралараро ишчи гуруҳ тузилсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқланди.
Қуйидагилар идоралараро ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
ўсимликлар карантини соҳасидаги ишлар ҳолатини комплекс ўрганиш;
Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро шартномаларга, шу жумладан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро Конвенцияга (Рим, 1951 йил) қўшилиши бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ўсимликлар карантини соҳасидаги барча халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
хорижий давлатлар карантин хизматлари билан (Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Арманистон Республикаси, Таиланд Қироллиги, Япония, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Латвия Республикаси, Бангладеш, Ҳиндистон Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаси ва бошқалар) ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича битимларни тузиш масаласини ишлаб чиқиш, шу жумладан, бундай битимлар лойиҳаларини тайёрлаш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси тузилмасида қуйидагилар ташкил этилади:
Халқаро алоқалар, инвестициялар ва инновацион ривожланиш бошқармаси;
Ўсимликлар карантини хизмати бўйича фитосанитар хавфни прогнозлаштириш ва таҳлил қилиш бошқармаси;
ички ва ташқи ўсимликлар карантини бўлими негизида Ички ва ташқи ўсимликлар карантини бошқармаси;
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси;
Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими.
Инспекция ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Инспекциянинг Ўсимликлар карантини тизимини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Инспекцияга қўшимча 176 штат бирлигини, шу жумладан, 121 ўсимликлар карантини бўйича туман ва шаҳар инспекторларини, 55 автомобиль йўллари, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё портидаги ўсимликлар карантини бўйича чегара пунктлари ҳамда почтамтдаги пункт инспекторларини ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Инспекция бошлиғига қуйидаги ҳуқуқ берилди:
зарур ҳолларда Инспекциянинг марказий аппарати, ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциялари ва унинг таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар тузилмасига ходимларнинг белгиланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан Инспекция ходимларининг қўшимча штат бирликларини жорий этиш.
Белгилаб қўйилишича:
Инспекция бошлиғи ва ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциялари бошлиқлари лавозимига кўра тегишлича Ўсимликлар карантини бўйича Ўзбекистон Республикаси бош давлат инспектори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ўсимликлар карантини бўйича бош давлат инспекторлари ҳисобланадилар;
ўсимликлар карантини бўйича туман ва шаҳар инспекторлари, автомобиль йўллари, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё портидаги ўсимликлар карантини бўйича чегара пунктлари ҳамда почтамтдаги пункт инспекторлари хизмат мажбуриятларини бажаришда махсус формали кийим-бош ва тегишли фарқловчи белгиларини кийиб юрадилар;
инспекторларни формали кийим-бош ва тегишли фарқловчи белгилар билан таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда формали кийим-бош ва тегишли фарқловчи белгиларнинг намуналарини тасдиқлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўсимликларнинг агротехник, биологик ва кимёвий ишловини амалга ошириш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида камида 2 тадан ўсимликлар клиникаси ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Инспекция, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўсимликлар клиникаси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича барча зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни кўради.
2018 йилнинг 1 апрелидан Инспекция ва ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциялари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан келиб тушадиган давлат божи ва йиғими кўринишидаги тушумлар Жамғармага 80 фоиз миқдорида, шу жумладан, Инспекция ходимларининг моддий рағбатлантирилишига Жамғармага келиб тушадиган маблағларнинг 10 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдори йўналтирилиши белгилаб қўйилди.
2017 йилнинг 1 декабридан 2018 йилнинг 1 апрелигача бюджетга ўтказилиши лозим бўлган давлат божи ва йиғими кўринишидаги тушумлар Инспекция томонидан 2018 йилнинг охирига қадар қопланиши белгиланди.
Қуйидагилар:
ўсимликлар клиникаси 2018 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг 1 январига қадар ер солиғи, юридик шахсларнинг даромад ва мол-мулк солиғидан ҳамда ягона солиқ тўловларини тўлашдан;
2020 йилнинг 1 январига қадар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини такомиллаштириш ҳамда мамлакатда карантин ҳолатни яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган республикада ишлаб чиқарилмайдиган ёки етарли ҳажмда ишлаб чиқарилмайдиган бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, ускуналар, асбоб ва приборлар, машина ва механизмлар, компьютер ва диагностика техникаси божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод қилинди.
2018 йил 1 майдан ўсимликлар карантини бўйича туман ва шаҳар инспекторлари, автомобиль йўллари, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё портидаги ўсимликлар карантини бўйича чегара пунктлари ҳамда почтамтдаги пункт инспекторларига, қонун ҳужжатларида белгиланган устама ва қўшимча тўловлардан ташқари, Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар чорак якуни бўйича меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришганлиги учун Инспекция бошлиғи томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган фаолиятни баҳолашнинг рейтинг тизимига мувофиқ белгиланадиган, қуйидаги миқдорлардаги рағбатлантирувчи тўловлар берилади:
70 баллдан 80 баллгача тўплаган инспекторларга — лавозим маошига 50 фоизгача;
80 баллдан 90 баллгача тўплаган инспекторларга — лавозим маошига 100 фоизгача;
90 баллдан 100 баллгача тўплаган инспекторларга — лавозим маошига 150 фоизгача.
Мавзуга оид
19:38 / 02.04.2026
Тўртта вилоятда зараркунанда чигирткалар тухумдан чиқа бошлади
20:00 / 28.03.2026
Жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшлар замонавий касбларга ўқитилади
18:37 / 30.01.2026
Ўзбекистон Хитойдан мандарин ва ананас импортини вақтинча тақиқлади
07:21 / 23.12.2021