23:38 / 30.03.2018
9997

Чимкентда ўнлаб одамлар музқаймоқдан заҳарланди

Фото: BNews.kz

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш қўмитаси Жанубий Қозоғистон вилоятида Чимкентда одамларнинг музқаймоқдан оммавий заҳарланиши ҳолати юзасидан текширув бошлади.    

29 мартдан 30 мартга ўтар кечаси Чимкентнинг юқумли касалликлар шифохонасига 61 киши музқаймоқдан заҳарланиш гумони билан мурожаат қилган. Айни вақтда 41 киши, жумладан 20 бола шифохонага ётқазилган. 20 нафар кишига амбулатор даволаниш буюрилган. Дастлабки ташхис – ўткир ичак юқумли касаллиги ва овқат токсикоинфекцияси.

Маълум бўлишича, барча жабрланувчилар Чимкентдаги Республика кўчасида жойлашган савдо нуқтасидан сотиб олинган мевали музқаймоқ истеъмол қилишган. Дастлабки маълумотларга кўра, музқаймоқ учун аралашма уй шароитларида тайёрланган, шу муносабат билан музқаймоқни тайёрлаш ва сотиш шароитлари текширила бошланган. 

Барча жабрланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, эпидемияга қарши тадбирлар амалга оширилмоқда.

Top