Жаҳон | 15:00 / 28.11.2025
3586
2 дақиқада ўқилади

Германиялик оила Истанбулда инсектицид билан заҳарланиш оқибатида вафот этди

Суд экспертизаси аниқлашича, немис оиланинг ўлимига меҳмонхонада ҳашаротларга қарши курашиш учун қўлланган заҳарли газ сабаб бўлган. Терговчилар бир нечта гумон қилинувчиларни ҳали ҳам тергов ҳибсхонасида ушлаб турибди.

Фото: AP

Ҳамбургдан Истанбулга саёҳатга келган ва у ерда вафот этган оиланинг ўлимига меҳмонхонада ҳашаротларга қарши курашиш учун ишлатилган инсектицид билан заҳарланиш сабаб бўлган. Бу ҳақда 27 ноябр, пайшанба куни Истанбул прокуратураси суд-тиббий экспертизаси хулосасига таяниб хабар берди. Аввалроқ тахмин қилинганидек, овқатдан заҳарланиш версияси тасдиқланмади. Шунингдек, оиланинг ўлимига тан жароҳати сабаб бўлганини кўрсатувчи бирор-бир белги аниқланмади.

Тергов доирасида қўлга олинган олти киши ҳали ҳам тергов изоляторида сақланмоқда. Улар орасида меҳмонхона эгаси ва ҳашаротларга қарши курашиш билан шуғулланувчи компания эгаси бор. Яна тўрт гумонланувчи эса аввалроқ озод қилинган. Ваколатли органлар бу иш доирасида оила озиқ-овқат сотиб олган кўча сотувчиларини ҳам ушлаб, сўроқ қилган эди.

Истанбул прокуратураси аниқ қайси модда ишлатилганини очиқламаган. Бироқ ОАВ суд-тиббий экспертиза ҳисоботига таяниб, меҳмонхонада заҳарли фосфин гази аниқланганини хабар қилди. Давлат ахборот агентлиги Anadolu маълумотига кўра, фосфин меҳмонхона хонасида олинган намунада ҳам, шунингдек сочиқларда ҳам топилган.

Алюминий фосфид кўп ҳолларда ҳашаротларга қарши восита сифатида ишлатилади. У сув билан ёки ҳатто ҳаводаги намлик таъсирида заҳарли фосфин газини ажратади. Бу газ организм ҳужайраларини шикастлайди ва юқори концентрацияда қонда кислород ташилишига халал беради. Фосфинни нафас орқали ютиб юбориш йўтал, қусиш, жигар ва буйрак фаолияти бузилишини келтириб чиқариши ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Ҳамбургдан бўлган, таътилга Истанбулга келган ота-она ва уларнинг икки кичик фарзанди ноябр ўрталарида кўнгил айниши ва қусиш белгилари билан касалхонага ётқизилган. Орадан кўп ўтмай, улар вафот этган. Асли келиб чиқиши турк бўлган бу оиланинг фожиали тақдири мамлакатда катта жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид