Жамият | 19:10 / 10.01.2026
5209
5 дақиқада ўқилади

Nestlé NAN хавотири: болаларда заҳарланиш белгилари борлиги айтиляпти

Nestlé маҳсулотларидан зарарланиш ҳолатлари йўқ дейилган эди. Аммо ота-оналардан келаётган мурожаатларга кўра, болаларда заҳарланиш эҳтимоли борлиги тахмин қилинмоқда. Таҳририят ўрганган ҳолатларда ушбу маҳсулотни истеъмол қилган болаларда деярли ўхшаш белгилар кузатилган: қусиш, қорин оғриғи, ич кетиш ва бошқа ножўя аломатлар.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонда Nestlé компаниясининг болалар учун мўлжалланган айрим маҳсулот партиялари ихтиёрий равишда қайтариб олинаётган, компания аввалроқ маҳсулот таркибида эҳтимолий хавф бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди. Бироқ сўнгги кунларда таҳририятга ота-оналар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар вазият атрофида қатор саволларни кун тартибига чиқармоқда.

Таҳририятимизга бир неча ота-оналар болалари Nestlé NAN маҳсулотларини истеъмол қилганидан кейин қусиш, қорин оғриғи ва бошқа ножўя аломатлар кузатилгани ҳақида мурожаат қилди.

1-ота: «Қизимга Nestléʼнинг ALFARÉ Amino кашасини берардик. Охирги қутини 5 кун аввал очганмиз, шуни ича бошлаганидан кейин ичи кетиб, қайт қила бошлади. Биз уни доимгидай боланинг қорни тўйганидан кейинги одатдаги қусиши деб ўйладик. Лекин бироз ўтиб боланинг ичидан қон кела бошлади. Зудлик билан бу маҳсулотни беришни тўхтатдик, шифокорга кўрсатдик. Шу кашадан берганимизни айтдик, у шундан бўлиши мумкинлигини, охирги кунларда шундай тахмин билан касал чақалоқлар кўп келганини айтди. Лекин нега бунга аниқ анализлар топширилиб, текширилмаяпти, «Док1 макс»га ўхшаб кимдир боласидан ажралишини ёки ногирон бўлиб қолишини кутишяптими?»

2-ота:«Фарзандимга Nestléʼнинг NAN маҳсулотини анчадан бери ичирардик. Яқин кунларда болам мазаси қочди, оғзида яралар чиқиб кетди, стоматитдан деб ўйлагандик. Лекин ундан эмас экан, NAN ҳақидаги хабарларни эшитиб, шифокорга борсак, ҳамма жойда шу касаллик билан оғриётган болалар жуда кўп экан. Кўз олдимизда ҳам шундай аломатлар билан касал болалар олиб келинди. Бизнинг фарзандимиз ҳам ошқозони оғриб йиғлади. Педиатрга олиб бордик, ошқозонни тозалаш керак дейишди, дорилар ёзишди. Бу ҳолат маҳсулот истеъмоли билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилди. Компанияга қўнғироқ қилсак, мурожаат қилаётганлар кўп эканини, компенсация масаласи кўриб чиқилаётганини билдиришди».

Яна айрим ота-оналар ҳам болаларида шунақа ҳолат кузатилганини, маҳсулот қайтариб олинишида ҳам муаммолар бўлаётганини, компания колл-марказига қўнғироқ қилинганда ариза қолдириш ёки бошқа жойга мурожаат қилишлари кераклигини айтиб, ишни пайсалга солганини айтишмоқда.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Санитария ва эпидемиология қўмитаси билан боғланганимизда ҳозирча уларга болаларнинг заҳарланиш ҳолатлари ҳақида расмий мурожаат бўлмаганини билдиришди.

Айни вазият ота-оналарнинг хавотирини янада кучайтирмоқда: компания маҳсулотни «ҳеч қандай реал заҳарланиш қайд этилмаган» деб билдирган бўлса ҳам, мурожаатчиларнинг ва эҳтимолий ҳолатлар борлиги бу иддаони рад этмоқда.

Nestlé ва унинг дистрибютори Balton Trading компанияси вакилларига саволлар билан юзландик ва қуйидаги жавобни беришди.

«Агар болада заҳарланиш бўлса, ота-оналар электрон манзилимизга мурожаат ёзишлари мумкин. Маҳсулотни қайтариш бўйича муаммо йўқ. Барчасини ўз хоҳишимиз билан қайтариб оляпмиз. Истеъмолчилар сотиб олган дўконларига қайтариб олиб боришса, чек бўлмаса ҳам қайтариб олиняпти (партия номери тўғри келса) ва ўрнига яхши маҳсулот бериляпти.

Компенсация масаласи эса заҳарланиш ҳолати бўйича электрон манзилга хабар юборилса, индивидуал тарзда кўриб чиқилади. Биз фақат қайтариш ҳолатларини таъминлаймиз. Катта компания бўлганимиз учун ҳар бир процесс учун алоҳида жавобгар одам бор», дейилади унда.

Эслатиб ўтамиз, агар болангизда Nestlé болалар озуқасини истеъмол қилганидан кейин қусиш, ич кетиши, қорин оғриғи, иситма каби ҳолатлар кузатилса, маҳсулотни беришни зудлик билан тўхтатинг ва шифокорга мурожаат қилинг. Маҳсулот қадоғини ташлаб юборманг, заҳарланиш ёки инфекция бўйича таҳлиллар талаб қилинг. Ҳолат ҳақида Санитария ва эпидемиология хизматига расмий мурожаат қолдиринг.

Болалар соғлиғи масаласида ҳатто эҳтимолий хавф ҳам жиддий қабул қилиниши керак.

Мавзуга оид