Жамият | 10:27 / 30.03.2018
32712
3 дақиқада ўқилади

Қонунни бузган ИИБ ходими жаримага тортилди

Шу йилнинг 20 март куни ижтимоий тармоқдаги гуруҳларнинг бирига Тошкент шаҳар ИИББ ходимининг автомобилда телефондан фойдаланаётгани акс этган сурат жойлаштирилган эди, деб хабар бермоқда Тошкент ИИББ ахборот хизмати.

Фото: iibb.uz

Қайд этилишча, муаллиф суратга «Беспредел» деб изоҳ қолдирган. Ушбу маълумот гуруҳ аъзолари томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлган. Тартиб посбонининг ўзи қоидани бузиб турса, бошқалардан нима кутиш мумкин, деган ҳақли савол туғилади.

Бироқ, бу қоидабузарни ҳақорат қилиш ҳуқуқини бермаслигини ҳамма яхши билади. 

«Афтидан, Тошкент вилояти, Янгийўл туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган С. ҳамда Юнусобод туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган М. исмли шахсларга бунинг алоқаси йўқдек. Улар қолдирган изоҳларида ички ишлар органи ходимининг қадр-қимматини ва шаънини топташ, уни ҳақорат қилишдан нарига ўтмаганлар», - дейилади ИИББ хабарида.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ Учтепа туман ИИБ ФМБ профилактика инспектори А.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 128-1-моддасига («Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши») мувофиқ, ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида жарима солинган.

Лекин қоидабузарни ҳақорат қилганликлари яъни бировнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганликлари учун С.Х. ва М.А. исмли шахслар ҳам жавобгарликка тортилди. Жабрланувчи, Тошкент шаҳар ИИББ ходимининг мурожаатига асосан, Миробод туман маъмурий суди С.Х. ва М.А.нинг ишини кўриб чиқди ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига мувофиқ, ЭКИҲ нинг 5 баравари миқдорида жарима белгиланди.

«Тошкент шаҳар ИИББ яна бир бор барча фуқароларга мурожаат қилиб, ҳар бир ишни босиқлик ва ақл билан ҳал қилишга, бир-бирингизга нисбатан мулойим ва ҳурматда бўлишликка чақириб қолади!», - дейилади хабар якунида.

Мавзуга оид