Фан-техника | 00:15 / 30.03.2018
12350
2 дақиқада ўқилади

Смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар ўз қурилмаларига вирус ўрнатгани аниқланди 

Фото: Sputnik

Антивирус дастурлари ишлаб чиқувчи “Доктор Веб” компанияси мутахассислари 45 та смартфон моделида уларга ишлаб чиқариш жараёнида вирус киритилганини аниқлашди. Бу ҳақда компания бош директори Борис Шаров сўзлаб берди.

Унинг айтишича, зарарли дастур ҳақида биринчи бўлиб “Доктор Веб”нинг антивирус дастуридан фойдаланган, Хитойда ишлаб чиқарилган смартфонлар эгалари маълум қилишган. Мутахассислар ҳисоботларни таҳлил қилиб, топилган зарарли дастурлар тизим соҳасида жойлашганини аниқлашган. Бу соҳага эса ҳеч қандай вирус ташқаридан туша олмайди, у фақатгина ишлаб чиқариш жараёнидагина у ерга киритилиши мумкин. 

Мутахассислар натижада бундай зарарли дастурлар 45 та замонавий смартфон моделида ўрнатилган, деган хулосага келишган. Ажабланарлиси, бу смартфонларнинг барчаси Хитойда ишлаб чиқарилган. Улар орасида Leagoo, Doogee, Umi, Haier, Cherry ва бошқа компаниялар смартфонлари бўлган.

Шаровнинг таъкидлашича, топилган дастурлар смартфонларга бошқа зарарли дастурларни ўрната олган. Мутахассиснинг айтишича, бундай қурилмалардан маълумотлар автоматик тарзда юбориб турилган серверларнинг узун рўйхати мавжуд.

Мавзуга оид