Ўзбекистон | 11:18 / 30.03.2018
7199
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда судларни видеоконференцалоқа режимида ўтказишга рухсат берилди

Фото: Senat.uz

Ўзбекистонда судларни видеоконференцалоқа режимида ўтказилишига рухсат берилди, деб хабар қилмоқда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Сенат пайшанба кунги ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини маъқуллади. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Эндиликда, жиноят ишларини ошкора кўриш суднинг ташаббуси билан ёки жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра аудио- ва видеоёзувга олишдан фойдаланган ҳолда ҳамда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин. 

Шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган қарорлари жиноят процесси иштирокчиларининг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин. 

Бундан ёпиқ суд мажлисларида кўрилган ишлар бўйича суд қарорлари мустаснодир.

Мавзуга оид