15:56 / 31.03.2018
47070

Ишчи гуруҳ: Қўш тўйларни ўтказувчи оилалар шароити ҳам инобатга олиниши керак 

Гавҳар Алимова/Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Сенат «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Сенатнинг XIV ялпи мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, оилавий тадбирларни тартибга солиш жамият учун ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги боис, аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва фикрларни инобатга олиб, мазкур масалани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни мукаммал ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Сенатнинг ушбу қарорига кўра, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.

Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб ушбу масаланинг ОАВ, шу жумладан, интернет нашрларда фаол муҳокама қилинишини ташкил этиш, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида оилавий тадбирларни ўтказиш борасида шаклланган ўзига хос урф-одат ва анъаналарни аҳоли иштирокида чуқур ўрганиб чиқишдан иборат, деб белгиланди. Шунингдек, ишчи гуруҳга муҳокамалар якуни бўйича асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига кўриб чиқиш учун тақдим этиш топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари - Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари Гавҳар Алимованинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, «тўй-ҳашамларни ўтказиш билан боғлиқ айрим ҳолатлар қонунда тўлиқ ўз ифодасини топиши зарур».

«Масалан, тўйга ташриф буюрувчи меҳмонлар сонини чеклаш масаласида ихтилоф пайдо бўлмаслиги учун Ишчи гуруҳ кенг жамоатчилик билан катта ишларни бошлайди. Бунда қўш тўй қилувчи оилалар шароити ҳам инобатга олиниши керак», дейди у.

Top