Жаҳон | 21:10 / 03.04.2018
16086
2 дақиқада ўқилади

Британиялик химиклар «Новичок» ишлаб чиқарилган давлатни аниқлай олишмади

Фото: Getty Images

Буюк Британиянинг Портон-Даун шаҳридаги лаборатория экспертлари асаб тизимини ишдан чиқарувчи «Новичок» моддасининг келиб чиқиш манбасини аниқлай олишмади. Ушбу модда билан Россия Разведка бошқармасининг собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Англиянинг Солсбери шаҳрида заҳарланганди.

«Биз ушбу модданинг манбасини аниқлай олмадик, аммо аниқлаган маълумотларимизни ҳукуматга етказдик», — дея қайд этган лаборатория раҳбари Гэри Эйткенҳед.

Унинг сўзларига кўра, ушбу заҳарли моддани тайёрлашда «ўта мураккаб методлар»дан фойдаланилган. Лабароториядагилар «Новичок»ка қарши акс таъсир этувчи модда мавжудлиги ҳақида ҳам ҳеч нарса билишмайди.

5 март куни Солсберида Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарлангач, Буюк Британия ушбу суиқасд ортида Россия турганини иддао қилди. Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Россияни Бирлашган Қироллик ҳудудида хавфли қурол қўллашда айблади, кўп ўтмасдан 23 нафар россиялик дипломат Буюк Британиядан чиқариб юборилди.

Буюк Британиянинг айбловига «Новичок» ўз вақтида СССР олимлари томонидан тайёрлангани ва Россиянинг бу борадаги сўровни изоҳсиз қолдириши сабаб бўлди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид