13:51 / 03.04.2018
38965

Европа шаҳарларидаги 10 та энг йирик масжид (фотожамланма)

Европада бугунги кунда муқаддас Ислом дини мавқеи жиҳатидан иккинчи йирик динга айланди. Албания, Косова, Босния ва Ҳерсоговина, Туркия сингари мамлакатлар аҳолисининг катта қисмини мусулмонлар ташкил этса, Ғарбий Европада бу миқдор бироз пастроқ. 2010 йилда берилган маълумотларга кўра, Европа аҳолисининг 44 миллиони мусулмонлардир. 

Бугунги кунда Европада минглаб масжидлар ва номозхоналар фаолият юритади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати уларнинг ўнтаси ҳақида маълумот тақдим этди.

Шарқий Лондон масжиди (East London Mosque)

Шарқий Лондон масжиди

Ушбу масжидга 1985 йилда асос солинган бўлиб, қурилиш ишларига 22,3 миллион фунт стерлинг сарфланган. Бу даргоҳ Лондон шаҳрининг мусулмонлар жамоаси истиқомат қилувчи йирик мавзесида қад ростлаган. Унинг таркибида Лондон мусулмонлари маркази ва Марям маркази фаолият юритади.

Масжидда бир вақтнинг ўзида 7 минг киши ибодат қилиши мумкин. 

Рим масжиди (Moschea di Roma)

Фото: Google photos

Рим масжиди 1994 йилда қурилган бўлиб, қурилиш ишларига 40 миллион евро сарфланган ва масжидда бир вақтнинг ўзида 12 минг мусулмон ибодат қилишига имконият яратилган.

Масжид Рим шаҳрининг Париоли туманида жойлашган бўлиб, Европадаги (Россияни қўшмаганда) энг йирик масжид ҳисобланади. 

Женева масжиди (Geneva Mosque)

Фото: Wikipedia

1978 йилда асос солинган Женева масжиди Петит-саксонез масжиди номи билан ҳам машҳурдир. Ушбу масжид Швейцариядаги энг йирик масжид ҳисобланади. Унинг қурилиши Саудия Арабистони томонидан молиялаштирилган.

Масжид очилишида Саудия Арабистони подшоҳи ҳамда Швейцария Конфедерацияси президенти иштирок этганлиги маълум. Бу масжидда бир вақтнинг ўзида 1,5 минг мусулмон ибодат қилиши мумкинлиги айтилган. 

Мадрид марказий масжиди (Madrid Central Mosque)

Фото: Wikipedia

1988 йилда асос солинган ва 30 йилдан буён фаолият олиб бораётган Мадрид марказий масжиди Испания пойтахтининг Тетуан туманида жойлашган. Ушбу масжид Абу Бакр Сиддиқ масжиди деб ҳам аталиб, узоқ вақт давомида қурилган. У Испанияга Ислом дини кириб келганидан қарийб 800 йил ўтиб Мадридда очилган илк масжид экани қайд этилган. 

Глазго марказий масжиди (Glasgow Central Mosque)

Глазго марказий масжиди

1983 йилда фойдаланишга топширилган Шотландия пойтахтидаги марказий масжид ўз бағрига 2,5 минг кишини сиғдира олади. У Клайд дарёси бўйидаги Горбал туманида жойлашган. 

Суонси масжиди (Swansea Mosque)

Фото: Flickr

1990 йиллардан буён мусулмонлар учун хизмат қилиб келаётган Суонси масжидида бир вақтнинг ўзида 500 нафар киши ибодат қила олади. Ушбу масжиднинг Уэльсдаги бошқа масжидлардан фарқи шундаки, унинг биноси 1862 йилда қурилган Авлиё Андрю черкови биносида жойлашган. 

1980 йилга қадар унинг ўрнида черков фаолият юритган ва шаҳар маъмурияти катта жамоага эга бўлган мусулмонлар эҳтиёжидан келиб чиқиб фойдаланилмаётган черков биносини масжид учун ажратган. 

Черков биноси 1997 йилда мусулмонларга қарашли хайрия жамғармаси томонидан сотиб олингач қайта қуриш ишлари бошлаб юборилган. 

Гданск масжиди (Мечеть в Гданьске)

Фото: BeautifulMosque.com

1989 йилда барпо этилган Гданск масжиди Польшада фаолия юритаётган беш масжиддан бири ҳисобланади. Ушбу масжидга араб мамлакатларидан ўқиш учун келган талабалар маблағи ҳисобига барпо этилган. Масжидга шоир Жамолиддин ал Афғонийнинг номи берилган. 

Марям ал Батул масжиди (Mariam Al-Batool Mosque)

Фото: Wikimedia Commons

1982 йилда Мальта Республикасининг Паола шаҳрида барпо этилган Марям ал Батул масжиди Коррадино масжиди номи билан ҳам машҳур. Ушбу масжиднинг дастлабки тамал тоши 1978 йилда Муаммар Қаззофий томонидан қўйилган бўлиб, 1984 йилдан иш бошлаган. У Мальтада қурилишига расман рухсат берилган ягона масжиддир.

Ушбу масжид Мальтага ишлаш учун келган ливиялик муҳожирлар учун хизмат қилган. 

Сеграт масжиди (Moschea di Segrate)

Фото: Wikimedia Commons/TAMER ABURABAH

1988 йилда очилган ал-Раҳмон масжиди ёки Сеграт масжиди номлари билан аталувчи масжид Италиянинг Милан шаҳри яқинидаги Сеграт шаҳрида жойлашган. Маълумотларга кўра, Сеграт масжиди Италиянинг Лучерасида 688 йил олдин (1300 йилда) охирги масжид бузиб ташланганидан сўнг очилган биринчи масжид сифатида тарихга киритилган.

Масжид қошида Милан ва Ломбардия учун мусулмон маркази ҳамда “Ислом хабарчиси” журнали фаолият юритади. 

Дублин масжиди (Dublin Mosque)

Фото: Wikimedia Commons

Дублин масжиди Ирландия пойтахти Дублин шаҳридаги Жанубий айланма йўлда жойлашган бўлиб, Ирландия Ислом жамғармасининг штаб-квартираси ҳисобланади

Ушбу масжид биноси фаолият юритмаётган черков асосига ташкил этилган. Масжидда бир вақтнинг ўзида 500 нафар мусулмон ибодат қилиши учун шароит яратилган.

Маълумотларга кўра, Ирландияда мусулмон жамоалари сони 1990 йилларда муҳожирлар ҳисобига кўпайган. Республикада 2016 йилги статистикага кўра, 63 минг мусулмон яшайди.

Top