Жаҳон | 13:05
551
3 дақиқада ўқилади

Мерц: Европа Украина бўйича музокараларда иштирок этиши керак

Германия канцлери украиналиклар ва европаликлар иштирокисиз Украина атрофидаги можарони тартибга солишга қарши чиқди. Фридрих Мерц Европа Иттифоқининг Украина учун мўлжалланган янги кўп миллиард евролик кредитини зудлик билан блокдан чиқаришни талаб қилди.

Фото: Markus Schreiber/AP Photo/picture alliance

Германия канцлери Фридрих Мерц Украинада тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокараларда Европа давлатлари иштирок этиши шартлигини таъкидлади. У 18 март, чоршанба куни Бундестагда шундай деди: “Музокаралар Украина боши узра ва европаликлар боши узра — фақат Россия ва АҚШ ўртасида олиб борилишига йўл қўйиб бўлмайди”. Мерц, шунингдек, Москвага босимни АҚШ ва Европа ҳамкорлари биргаликда кучайтиришга чақирди.

ЕИ саммити арафасида қилган ҳукумат баёнотида Мерц Европа Иттифоқида Россияга қарши 20-санкциялар пакетини зудлик билан келишиб олиш ва Украина учун олдиндан маъқулланган 90 миллиард евро миқдоридаги кредитни блокдан чиқаришга чақирди. Унинг айтишича, бу масалани 19 март куни бўлиб ўтадиган саммитда қатъий туриб илгари суради. “Биз бунда бирорта алоҳида давлатга ҳам ён беришимиз мумкин эмас”, деди у, бу билан Венгрия томонидан билдирилаётган қаршиликни назарда тутди.

Мерцнинг айтишича, Германияда Россия иқтисодиёти “ушбу уруш ва бизнинг санкцияларимиздан жиддий азият чекаётгани” ҳақида “ишончли маълумотлар” бор. Унинг сўзларига кўра, айнан шу омил Европа Иттифоқи ва АҚШ босимни давом эттириши керак бўлган дастак ҳисобланади. Канцлер таъкидлашича, агар Украинада барқарор тинчликка эришиш мумкин бўлса, АҚШ европаликлардан муайян ҳисса кутишга асосли ҳақли бўлади — аммо, унинг урғулашича, фақат улар “энг бошиданоқ музокара столи атрофида ўтирган тақдирдагина”, жумладан Украина учун хавфсизлик кафолатлари масаласида ҳам.

Мерцнинг таъкидлашича, Украинада адолатли тинчлик масаласи бутун трансатлантик маконнинг хавфсизлиги, эркинлиги ва тинчлиги масаласи бўлиб қолмоқда. Гап фақат “йирик Европа мамлакати ҳудудий яхлитлиги” ҳақида эмас, балки “инсонийлик ва адолат” ҳақида ҳам кетмоқда. Канцлернинг сўзларига кўра, Украина аллақачон тинчлик музокараларига тайёр, Россия эса уларга эришиш бўйича барча саъй-ҳаракатларни тизимли равишда издан чиқармоқда. У бу гапини Россиянинг Украина тинч аҳолисига қарши зарбаларини мисол келтириб асослади.

Украина президенти Володимир Зеленский Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи саммити ишида иштирок этади. 18 март куни у Мадридда Испания бош вазири Педро Санчес билан музокара ўтказди. Томонлар мудофаа соҳаси ва Украина ҳаво мудофаа кучларини мустаҳкамлаш бўйича янги келишувларни имзолади.

Зеленский билан учрашувдан кейин Санчес Европа Иттифоқи АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши сабабли Украина масаласини унутмаслиги кераклигидан огоҳлантирди. “Биз Украина халқини аввалги шиддат билан қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, деб ваъда қилди у. Шу билан бирга, Reuters агентлиги қайд этишича, экспертлар Испаниянинг Украинага қўшаётган ҳарбий ҳиссасини анча кам деб баҳоламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид