Ўзбекистон | 14:30 / 03.04.2018
114687
5 дақиқада ўқилади

Қонун ҳимоячилари учун яшил ранг мос эмас

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтларда ички ишлар ходимларининг янги формалари хақида турли маълумотлар пайдо бўлмоқда, кўплар ўз фикрларини билдирмоқда. Сабаби жорий йилнинг июль ойигача ички ишлар ходимларининг янги формалари тўғрисида тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқарилиши лозим. Шунга қарамасдан, ханузгача янги форма ҳақида аниқ бир расмий маълумот йўқ. Ички ишлар ходимларнинг формаси - бу уларнинг, қолаверса, халқнинг юзи ва обрўсидир, десак муболаға бўлмайди. Ушбу масалага ўз фикримизни билдиришга қарор қилдик.

Қисқача тарихга тўхталсак. Биринчи полиция формаси 1828 йилда Лондон шаҳри полицияси учун тикилган эди. Шундан сўнг, полиция формаси аста-секинлик билан Европага, сўнгра жаҳон бўйлаб тарқади.

Масала ва муаммо рангдан бошланади. Кўпчиликка маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ходимлари тўқ-яшил рангдаги форма кийишади. Ҳар бир соҳада ўрганиш ва изланиш бўлгандек, мутахассислар ранг психологиясини ҳам ўрганишади. Яшил ранг ўсиш, баланс, тинчлик, осойишталик, атроф-муҳит ва ўсимлик дунёсини англатади. «Psychology Today» журнали маълумотига кўра, яшил ранг бу атроф-муҳит ва экология тимсолидир.

Шундай экан, кўплаб мутахассислар фикрича, яшил ранг қонун ҳимоячиларига унча тўғри келмайди. Ички ишлар тизимида яшил формадан нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам фойдаланишади. Масалан, кўриб турганингиздек Вьетнамда жамоат хавфсизлиги кучлари (полиция) яшил формада.

Яшил рангдан Хитойнинг қуролланган полицияси ҳам фойдаланади.

Яқин ўтмишда Буюк Британияда олимлари аҳоли орасида 25 турдаги турли формаларни ўрганишди. Шунда аҳолининг аксарият қисми полиция формасини хавфсизлик ва ҳамкорлик тимсоли деб баҳолади.

Ранг масаласида одамларнинг фикри турлича. Шунга қарамасдан, аксарият кишилар полицияни қора ва кўк рангли кийимларда тасаввур қилишади. Мутахассислар фикрича, қора ранг куч-қувват, кўк ранг хавфсизлик тимсолидир. Шунинг учун ҳам аксарият давлатларда полициячилар қора ва кўк рангдаги формаларни кийишади.

Баъзи психологларнинг фикрича, қора ва шу каби тўқ ранглар жамиятга салбий таъсир кўрсатади, чунки улар ёмонлик ва нохушликни англатади. Кейинчалик, статистик маълумотлар шуни кўрсатдики, яшил, қизил ёки оч ранг кийган полициячилар қора форма кийган полициячилардан ҳеч ҳам фарқ қилмайди. Оч ранглар яхшилик тимсоли бўлсада, баъзи давлатларда жиноят ва коррупция кўрсаткичлари юқори даражада сақланмоқда. Бунинг устига, «Frontiers in Psychology» журналида таъкидланишича, қора ва кўк ранг кўплаб полиция ходимларида ўзларига бўлган ишонч ва масъулиятни янада орттиради. 

Мана бу мисолда 2014 йилда Россия Федерацияси полиция тизимида ташкиллаштирилган янги формаларга эътибор қаратилади.

Объектив тарзда мулоҳаза қилсак, ўнгдан турган биринчи, учинчи ва тўртинчи полициячилар поезд машинистларидан фарқ қилишмайди. Уларнинг ўртасида турган аёл полициячи эса самолёт стюардессасига ўхшайди. Қишки кийим кийган полициячиларнинг қалин пўстин кийган қоровуллардан фарқи йўқ. 

Боз устига, аксарият МДҲ давлатларида барча формалар, рангни ҳисобга олмаганда, бир хил бўлади. Бунга ички ишлар, мудофаа, фавқулодда ишлар, махсус хизмат ва прокуратура ходимларнинг формаларини мисол қилиш мумкин.

Ижтимоий тармоқлар ва тегишли сайтлар ўрганилганда шу маълум бўлдики, кўплаб фойдаланувчилар асосан АҚШ ва Буюк Британия полицияси формасини талаб даражасида, деб билишади.

АҚШ полицияси 
Буюк Британия полицияси

Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари учун янги форма тайёрланганда албатта профессионал дизайн, ранг ва кўринишга алоҳида эътибор бериш зарур. Қора шим, кўк кўйлак ва махсус бош кийимни кўрган шахс, «Худога шукр, шулар хавфсизлигимиз учун бор экан, ҳамкорлик учун минг раҳмат», дейиши керак. Шундай экан, умид қиламиз, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ходимларининг янги формалари халқ орасида уларнинг обрў-эътибори ва имижини янада оширади.     

Улуғбек Акбаров
 

Мавзуга оид