Ўзбекистон | 11:29 / 04.04.2018
11846
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Жорий йилнинг 30-31 март кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига Қозоғистон миллий аграр университети ректори, академик Есполов Тлектес Исабаевич бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мазкур ташриф давомида академик Т.И.Есполовнинг институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ва магистрантларига “Қозоғистон миллий аграр университетининг инновацион қарашлари“ мавзусидаги тақдимоти бўлиб ўтди.

Фото: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги институти

Унда Қозоғистон миллий аграр университети ҳамда институт ўртасида ўрнатилган мустаҳкам дўстона алоқалар, ҳамкорликда олиб борилаётган илмий ишлар, шунингдек, университетнинг тарихи, эришган ютуқлари, таълим тизими, бугунги кундаги илмий соҳаларда олиб бораётган изланишлари ҳамда профессор-ўқитувчилар, шунингдек, талаба ва магистрантларга яратилган имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Шу билан биргаликда Қозоғистон миллий аграр университети таркибида фаолият юритаётган “Сув муаммолари тадқиқот маркази” ва унинг илмий фаолияти, таркибий тузилиши ҳамда амалга ошираётган илмий изланишлари тўғрисида маълумот берилди.

Учрашув давомида Қозоғистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги эришган ютуқлари, суғориш ва мелиорация тизимларида олиб борилаётган илмий изланишлари тўғрисида ҳам таъкидлаб ўтилди. Ҳар икки ОТМ ректорлари келгусида профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба ва магистрантлар ўртасида алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ҳамда илмий соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Фото: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги институти

Делегация ташрифининг сўнгги кунида Қозоғистон миллий аграр университети, Қозоғистон миллий аграр университети таркибидаги “Сув муаммолари тадқиқот маркази”, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Тошкент давлат аграр университети ўртасида 4 томонлама ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Фото: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги институти

Ушбу меморандум келгусида икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий ҳамкорликни амалга оширишда кўприк вазифасини бажаради. Учрашув сўнгида меҳмонларга институт раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари берилди.

Фото: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги институти
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид