Ўзбекистон | 15:03 / 06.04.2018
4060
2 дақиқада ўқилади

ТИВда АҚШ Давлат департаменти делегацияси билан учрашув ўтказилди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

2018 йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳидов Тошкент шаҳрида бўлиб турган АҚШ Давлат департаменти делегацияси билан учрашди. Давлат котибининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ренди Уилям Берри ушбу делегацияга бошчилик қилмоқда. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

АҚШ делегацияси ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Бош прокуратура, ички ишлар, бандлик ва меҳнат муносабатлари, адлия вазирликлари, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашув ҳамда музокаралар ўтказмоқда.

ТИВда бўлиб ўтган учрашувда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари тўғрисида батафсил сўз юритилди.

Суҳбатда таъкидланганидек, мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар инсон манфаатлари тамойилига асосланган. Хусусан муносиб яшаш даражасини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқот ва мурожаатлар билан ишлашнинг янги самарали механизмларини киритиш ва йўлга қўйиш, фуқароларни ташвишга соладиган ҳаётий муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш шулар жумласидандир.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига тўлиқ риоя этилишининг қатъий тарафдоридир.

Музокараларда кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ мулоқотини конструктив асосда давом эттиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

Учрашувда АҚШ элчиси Памела Леора Спратлен иштирок этди.

Мавзуга оид