Жамият | 01:05 / 08.04.2018
5405
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик курсантлар IV Халқаро олимпиададан соврин билан қайтишди

2-6 апрель кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги ҳарбий-академик лицей ҳудудида МДҲга аъзо давлатлар мудофаа вазирликларининг курсантлари ўртасида математика йўналиши бўйича Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари учинчи ўринга эгалик қилишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг катта ўқитувчиси Раъно Юсупова бошчилигида курсантлар Шаҳзодбек Рустамов, Бобур Абдурашидов, Жаббор Муҳаммадиев ва Сарвар Норалиевлар галдаги Халқаро олимпиаданинг иккинчи йўналиш (математика бўйича) Арманистон, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон мамлакатларининг ҳарбий математиклари билан ўзаро билим синашди ва Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишди.

Биринчи ўрин Россия Федерацияси Ҳарбий университети вакилларига насиб этди. Иккинчи ўринни қозоғистонлик ҳарбийлар эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар кубок, медаллар ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон шарафини халқаро мусобақада муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар 8 апрель куни Тошкент вокзалида кутиб олинади.

Курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (информатика бўйича) 16-20 апрель кунлари Қозоғистонда бўлиб ўтади. Унда Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети курсантлари иштирок этади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид