Мақола изидан: Бешариқликларни қўшнилар олдида изза қилиб қўйган раҳбарлар
Шу йил февраль ойида сайтимиз орқали «Бешариқнинг ечимини кутаётган беш муаммоси» номли мақола эълон қилинган, унда Фарғона вилояти, Бешариқ туманидаги аҳоли ва тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ҳақида ёзилган эди.
Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, мавжуд камчиликларни қай даражада ҳал этилгани билан танишиш мақсадида Бешариқ туманига яна йўлга чиқдик.
Ўша мақола ва видеорепортажда туман деҳқон бозоридаги ачинарли ҳолат, Ропқон қишлоғидаги 450 гектарлик ўрик боғлари сувсизликдан қуриётгани, тадбиркор йигитнинг кичик корхона очишига туман ҳокимлигининг эътиборсизлиги, кушхона очиш учун рухсат ололмаётган тадбиркор билан боғлиқ тушунарсиз ҳолат ҳамда туман марказидаги масжид ёнидаги тартибсизликлар баён қилинган эди.
Навбатдаги сафаримиз давомида туман мутасаддиларининг маълум камчиликларни қай даражада ҳал қилишга киришганига тўхталамиз.
Бешариқ бозорида
Манзилга етгач, туман ҳокимлиги биносига бордик. Туман ҳокими ва биз билан мулоқот қилиши мумкин бўлган мутасаддилар топшириқлар билан жойларга чиқиб кетишган экан. У ердагиларга яна қайтиб келишимизни айтиб, Бешариқ бозоридаги ҳолатни кўргани йўл олдик.
Аввалги мақоламизда 2012 йили Бешариқ ҳокимлиги томонидан фуқаролар келиб-кетишига қулай бўлган ҳудуд - Дўстлик кўчасидан жой танланиб, кийим-бош, хўжалик моллари, ёғоч ва бошқа қурилиш маҳсулотлари билан савдо қилувчи, замонавий кўринишдаги бозорлар қурилгани, мазкур савдо мажмуаларида тегишли ҳужжатлар асосида иш юритадиган, маҳаллий бюджетга вақтида барча тўловларни амалга оширадиган тадбиркорлар фаолиятини олиб бораётгани, бироқ туман ҳокимлиги ва Давлат солиқ инспекцияси айни пайтда савдо қилишга яроқсиз ҳолда бўлган ва реконструкцияга тушган «Деҳқон бозори»дан «Янги бозор»га тадбиркорларни жалб қилишга жуда ҳам бош қотирмаётгани танқид остига олинган эди. Деҳқончилик маҳсулотлар билан саноат моллари аралаш сотилаётган бозорда савдо «гуллаб-яшнаётгани»га алоҳида урғу берган эдик. Барча солиқларни тўлаб, меъёрий ҳужжатлар асосида Дўстлик кўчасидаги «Турон саноат-савдо» бозорида иш олиб бораётган тадбиркорларнинг борган сари фиғони фалакка чиқаётгани видеолавҳалар орқали берилганди.
Бу сафар ўша «Деҳқон бозори»да бўлганимизда, муаммо юзасидан бироз ўзгариш қилинганини сездик, десак хато бўлмайди. Сабаби, бозор ёнидаги Ё. Абдуллаев кўчасидаги ҳаракатланиш меъёрига тушибди. Бироқ, бозор атрофидаги кўчаларда тартибсиз савдо ўшандай давом этмоқда. Антисанитария, беҳужжат ёйма савдогарчилик ва тумонат одам. Бозорда реконструкция ишлари бошланганига уч йил бўлибди. Бир томонда бузилиш ишлари иккинчи томонда савдо-сотиқ. Бу бозор қачон битиши маълум эмас. Деҳқон бозорини ярим соатлар чамаси айланиб, яна Дўстлик кўчасидаги бозорга бордик.
Бозорда ҳеч қандай янгиликнинг ўзи йўқ. Аҳоли учун қулай, марказ жойда қурилган бозор ҳали ҳам ҳувиллаб ётибди. Савдогарлар биз билан суҳбатда мақола эълон қилингач, уч-тўрт кун кийим-кечак, саноат моллари билан савдо қилувчи кўп тадбиркорлар Дўстлик кўчасидаги бозорга кўчиб ўтгани, лекин «Деҳқон бозори»да савдо тўхтамагани учун қайтиб кетишганини билдиришди.
«2017 йилнинг декабрь ойи Қўқон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев бошчилигида ўтказилган сайёр қабулда бозоримиз муаммоси бўйича мурожаат қилган эдик. Вилоят бошқарма бошлиғи туман ҳокими, прокурори ва ИИБ бошлиғига «Деҳқон бозори»дан савдогарларни кўчириш имконияти мавжуд экани ҳақида хат билан ҳам чиққан эди. Лекин, натижа бўлмаяпти.
Мақола чиққанидан сўнг савдогарларни олиб келиб, суратларга олишди. Бир ҳафта бозоримизда харидор юриб, гавжум бўлгани ҳақиқат. Лекин, яна улар қайтиб кетишди», дейди тадбиркорлар.
Мақола нашримизда эълон қилинганидан сўнг бозорга фақат туман солиқ идораси ходимлари келиб, қўлдан келганича уринишибди. Туман ҳокими ва бошқа раҳбарлар муаммо билан қизиқиб ҳам қўймаган.
Савдогарларга туман ҳокими билан учрашиб, уларни қийнаётган мурожаатларни етказишга ваъда бердик.
Ропқондаги боғлар муаммоси
Ўрик боғлари ва полвонлари билан машҳур Ропқон қишлоғига боришдан олдин, боғбонлар билан телефон орқали боғландик. 450 гектарлик боғ қуриётгани ҳақидаги муаммолар ҳам ҳокимлик мутасаддиларини ташвишга солмабди.
«Сув чиқариш насослари бўйича ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Боғбонлар ўзлари насосни таъмирлаб, эплаб ишлатиб олишган. Насослар эскилиги учун бир кун ишласа, икки кун ишламайди. Бундан 4 йил олдин бизга «Насос станциясини таъмирлаш учун пул ажратилади» дея берилган ваъда ҳалиям бажарилгани йўқ. Бу йил ҳам маблағ ажратилмабди. Қани, кутаверайликчи?», дейди кекса боғбон Рустамжон ота.
Адирободдаги машаққатли меҳнатлар эвазига бунёд этилган ўрикзорларнинг 450 гектари сувсизликдан қуриб қолибди. Яна қанақа навли ўриклар қуриган, биласизми? «Субҳони», «Оқ қантак», «Лимонка», «Лола» ва ўша Тошкент бозорларида килоси 50 минг сўмга чиққан «Ирис» навлари. Экспортбоп, бутун дунё оғзи тегадиган ўриклар. Энди қолганлари ҳам қуриш хавфи остида.
5 минг кишини иш ва даромад билан таъминлаб турган, давлатга ҳар гектаридан 1 миллиондан солиқ тўланадиган 450 гектар ердаги боғ ўрикларини қайта ўстириш учун яна қанча йиллар керак!
Боғбонлар дардини ҳам туман ҳокимлигига етказишни айтиб, хайрлашдик.
Кичик корхона қуришни ўйлаган ёш тадбиркор ниятидан қайтибди
Навбатдаги муаммоли ҳолат ҳам Ропқон қишлоғилик тадбиркор йигитга тааллуқли эди. Нодирбек Низомиддинов 2014 йили қишлоғидан чиқадиган булоқ сувининг таркибини лабораторияда таҳлил қилдиради. Мутахассислар сувнинг таркибида 27 хил маъданлар борлигини аниқлашади. Ёш тадбиркор чет элдан 16 минг АҚШ долларига сув қадоқлаш технологиясини олиб келади. Унинг мақсади аниқ эди. Маъданли сувни қадоқлашни йўлга қўйса, 16 киши иш билан таъминланиб, даромадга киради. Маҳаллий бюджетга ҳам фойда. Ўтган гал шу муаммога алоҳида тўхталгандик.
Нодирбек бу сафар биз билан гаплашишни истамади. «Қўйинглар, беғалва юрганим маъқул экан. Ўшандан кейин бир марта туман прокуратурасига чақиришиб, мен танлаган беш сотих жойдан 500 метр узоқликдаги жойни беришини айтишди. Тадбиркорлик учун жуда ноқулай жой. Лойиҳамдан воз кечиб қўя қолдим», дейди ёш тадбиркор.
Кушхона муаммоси
Фарғонада эшак сўйиб, гўштини умумий овқатланиш корхоналарига ўтказиб юрган сохта тадбиркор ҳақида ОАВ роса бонг урди. Туманда яшовчи тадбиркор Умиджон Пойғамов «Ватан» маҳалласидаги туман ҳокимлиги захирасига олинган ер майдонидан 10 сотих жой сўраб, замонавий қорамол сўйиш маскани - кушхона қурмоқни мақсад қилган.
Тадбиркорликни бошлашни ният қилган йигит уч йилдан бери саргардон. «215 минг аҳоли яшайдиган туманимизда бир дона кушхона ишлаб турибди. Унда 30 бош қорамол сўйилади, холос. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган кушхона қуриш мақсадида туман ҳокимлигига аризалар билан кўп бора мурожаат қилдим. Туман ДСЭНМ ташкилотидан мен танлаган ер майдони кушхона қуриш санитария ҳолатларига тўғри келиши ҳақида хулоса ҳам олганман.
Ўз ҳисобимдан кредит олмай, 8 кишини иш билан таъминлаб, санитария меъёрларида ишлайдиган корхона қуришим ҳақидаги саволимга туман ҳокими: «Бизда битта кушхона бор. Иккитаси керак эмас» дея жавоб қайтарди. Ваҳоланки, туманимизда мавжуд битта кушхона барча умумий овқатланиш шохобчаларига хизмат қила олмаслиги аниқ. Қорамол ва қўйларни асосан уйда сўйишяпти» дейди тадбиркор.
Умиди сўнмаган тадбиркорнинг арзини ҳам туман ҳокимлиги вакилларига етказишни айтдик.
Туман ҳокими биз билан учрашишни истамади
Туман ҳокимлигига бориб, мутасаддилар билан суҳбатлашмоқчи бўлдик. Афсуски, масъул шахслар ўз вазифаларини бажариш учун жойларга чиқиб кетишган экан. Сўнг, қабулхона ходимидан туман ҳокими Расулжон Жўраевнинг телефон рақамини олиб, боғланишга ҳаракат қилдик. Ҳокимдан учрашгани вақти бор ёки йўқлигини, бугун кун давомида суҳбатлашгани имкони бўлса кутиб туришимизни айтдик.
Унга мавжуд муаммоларни ўрганиш учун қандай ишлар амалга оширилгани ҳақида савол берганимиздан сўнг, Бешариқ тумани ҳокими биз билан учраша олмаслигини, бизга мурожаат билан чиққан аҳоли ноҳақ эканлиги айтиб, суҳбатни қисқа қилди.
«Бешариқдаги муаммолар ҳудуднинг ички муаммоси, балки, биз журналистлар масалага бир томонлама баҳо бериб, мурожаатларнинг асл моҳиятини тушуна олмагандирмиз. Аниқлик киритиб олсак яхши бўлар эди?» деган саволимизга мутасадди «Йўқ, саволларингизга жавоб бера олмайман. Сизлар кимнингдир «закази» бўйича келгансизлар» дея жавоб бергач, ҳафсаламиз пир бўлди.
Ахир, биз ўринсиз муаммоларни кўтариб чиқаётган бўлсак, аниқ воқеликдан хабар топишимиз керак-ку?
Мамлакатимизда ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Юрт раҳбарлари, ҳокимлар, соҳа мутасаддилари халқ дардини тинглаб, аҳоли ёнига бориб, ўша жойнинг ўзида муаммоларни ҳал қиляпти. Бугунги кун раҳбари масъулиятли даврда фаолият олиб бормоқда. Лекин, Бешариқ тумани ҳокимлигининг ҳудудда мавжуд камчиликлар ҳақидаги мақоладан сўнг муаммолар ечими билан қизиқиб ҳам кўрмагани бизни таажжубга солди.
«Деҳқон бозори»да патир ишлаб чиқариб, савдо қилувчи тадбиркор Моҳира Содиқова шундай деди: «Чегаралар очилиб, туманимизга Тожикистондан кўплаб меҳмонлар ўтишяпти. Улар бозоримизнинг аҳволини кўриб: «Жуда файзсиз, эски ва талабга жавоб бермайдиган бозор экан. Раҳбарларга мурожаат қилсанглар бўлмайдими?» деб гапиришганида роса уятга қолдик».
KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
10:16 / 12.11.2024