Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар касод бўлиш ёқасида – минглаб кишилар ишсиз қолиши мумкин
Ўзбекистонда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан, десак муболаға бўлмайди. Шу боис, ўтган йиллар давомида соҳа ривожи йўлида давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик алоҳида аҳамиятга эга.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йили имзоланган «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори фикримизнинг ифодаси.

9 йил муқаддам қабул қилинган, рақобатбардош юқори сифатли ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва турларини кенгайтиришни рағбатлантириш, ички истеъмол бозорини улар билан янада тўлиқроқ бойитиш, тайёр ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчи янги маҳаллий корхоналарни ташкил этиш ҳамда мавжудларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, бунинг асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, инсонларнинг даромадлари ва фаровонлик даражасини ошириш мақсади билан ҳаётга тадбиқ этилган қарор бугунги кунга келиб ўз самарасини берди. Хусусан, чарм тайёрлаш ва чармпойабзаллари, чармдан ишланган турли буюмлар ишлаб чиқаришда ҳам қатор ютуқларга эришилди.
Биргина Наманган вилоятини оладиган бўлсак, 2017 йил якуни билан вилоятда чарм маҳсулотлари билан ишлаш йўналишидаги 79та корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар 11,4 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилнинг январь-февраль ойларида вилоятда ишлаб чиқарилган 638,8 минг долларлик чарм-пойабзали ва тери маҳсулотлари жаҳон бозорларида сотилишига эришилди.

Албатта, бу натижаларга эришишда давлатимиз раҳбари томонидан юқоридаги қарор билан мазкур соҳага берилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар муҳим рол ўйнаб келди.
Афсуски, Президентнинг ўша 1050-сонли қарорида белгиланган барча имтиёз ва имкониятлар 2018 йил 1 январь санасида ўз кучини йўқотди. Табиийки, бу бугунги кунда юзлаб корхоналарга салбий таъсирини кўрсатди. Kun.uz таҳририяти мазкур муаммо юзасидан Наманган вилоятига борди ва бир қанча тадбиркорларнинг хавотирли вазияти билан танишди.
«ROSEdilcharm» корхонаси аёллар учун мўлжалланган турли хил сумкалар ишлаб чиқаради. Айни кунда корхона 100дан ортиқ ишчи-ходимлар билан ишлаб турибди. 2011 йилда фаолиятини бошлаган корхона шу кунга қадар берилган имтиёздан фойдаланиб келди.


Яна бир корхона эркаклар оёқ кийимини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Грандчармпойабзал» корхонаси. Бу корхонанинг ҳам ишлаб чиқаришдаги асосий хом ашёси Хитой Халқ Республикасидан кириб келади. Кунига қарийб 100 жуфт оёқ кийим ишлаб чиқарётган корхона бугун хом ашё учун божхона тўловининг баландлиги боис ўз ишини тўхтатиши мумкин.

Навбатдаги корхонага бордик — «МБ Чарос» МЧЖ. Айни кунда мазкур корхона болалар ва аёлларга мўжжалланган 250 турдаги сумка ишлаб чиқармоқда. Корхонада 100дан ортиқ йигит-қиз меҳнат қилмоқда. Имтиёз муддати тугаб, хом ашё учун тўланадиган божнинг баландлиги бу корхонани ҳам ишлаб чиқаришни тўхтатишига мажбур бўлмоқда.

Хуллас, соҳага оид барча корхоналарда хавотирли ҳолат бошланиб бўлган. Ана шундай вазиятга дуч келган корхоналардан бири — «Робия саноат сервис» корхонасининг 100 нафарга яқин ишчи-ходимларнинг ўринлари бугун ҳувиллаб турибди. Захирадаги сўнгги хом ашё билан 5–6 киши ишламоқда.


«Amir» бренди остида эркаклар оёқ кийими ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада ҳам аҳвол таранглашган. Бир кунда 100 жуфтдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқараётган корхонада ўнлаб ишчилар оила боқмоқда. Корхона раҳбари биз билан суҳбатда захирадаги хом ашёлар тугаб бораётганидан хавотирда эканини билдирди. Корхона фаолияти вақтинча тўхтатилиши мумкинлигини ҳам таъкидлади.


Шунингдек, «Пантерра» номи остидаги эркаклар оёқ кийими ишлаб чиқарувчи корхонада ҳам муаммолар юзага келган. «Муаммолардан қутулдим деганда яна муаммога тўқнаш келдик. Корхонамизга ёнғин кетганди. Шу туфайли бор будимиздан айрилгандик. Эндигина оёққа тураётганимизда имтиёз муаммоси келиб чиқди», дейди биз билан суҳбатда корхона раҳбари.

Мухтасар қилиб айтганда, шу каби корхоналар бугун мамлакатимиз бўйлаб катта муаммо олдида турибди. Ўзимизда ишлаб чиқариладиган хом ашё рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқишга ярамайди. Четдан олиб кирай деса имтиёз муддати тугаган, божхона тўлови эса «отнинг калласи»дек.
Биз билан суҳбатлашган корхона раҳбарларининг барчаси бекор бўлган бож имтиёзлари уларнинг келгусидаги режаларига қаттиқ таъсир қилаётгани, маҳсулот таннархини кескин ошириб юборгани, ишчи ўринларни кўпайтириш ўрнига қисқартиришга мажбур бўлишаётганини айтиб ўтишди.

Божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари бекор бўлгач вазият шунчаликка бориб етганки, энди ўзимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг бозор нархи сезиларли тарзда ошмоқда, савдогарлар Хитойдан олиб келаётган шу турдаги маҳсулотлар бозорларимизга анча арзон нархда кириб келмоқда. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун улкан зарба бўлмоқда.
Kun.uz мазкур муаммо юзасидан хукуматнинг масъул вакили билан шунингдек, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси билан боғланди. Уларга кўра, мазкур муаммодан мутасаддиларнинг хабари бор. Улар албатта бу борада тадбиркорларга имтиёз ва имкониятлар берилиши, тез кунда бу бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланишини таъкидлашди.
Бироқ масала қачон ечим топиши ҳақида аниқ жавоб ололмадик. Билганимиз — мутасаддилар анчадан буён ҳолатдан хабардор. Бугун Президент аравани тортиш кераклигини ҳаммага намуна қилиб кўрсатиб бермоқда. Аммо арава бир бўлиб, бир томонга тортилишини унутмаслигимиз керак. Криловнинг ўша машҳур масалида тасвирлангани каби ҳолатдан Худо сақласин.
Дарвоқе, тадбиркорларнинг барчаси ўтган давр мобайнида Президент қароридаги имтиёздан фойдаланиб, муайян ютуқларга эришишган. Деярли барча тадбиркорларнинг илк фаолиятидаги ҳолатидан бугунги аҳволи ижобий. Ривожланиш, ишчи ўринларининг ўсиши, корхона фаолиятининг кенгайиши айни имтиёз ҳисобига бўлган, десак муболаға бўлмайди.
Ўйлаймизки, минглаб ишчиларни ишсиз қолдириши мумкин бўлган мазкур муаммо ҳукумат раҳбарлари томонидан эътиборсиз қолдирилмайди. Kun.uz воқеалар ривожини кузатади.
Хуршид Далиев,
Kun.uz журналисти
Мавзуга оид
17:37 / 04.06.2026
Наманганда терговчи ва адвокат пора билан ушланди
10:59 / 20.05.2026
Наманганда атрофи очиқ ҳолатда турган трансформатор устига чиққан бола ток уриб вафот этди
08:24 / 20.05.2026
Фарғона ва Наманганда йирик миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди
08:52 / 13.05.2026