Спорт | 16:56 / 11.04.2018
18514
2 дақиқада ўқилади

Гвардиола «Манчестер Сити» ЕЧЛни тарк этиши сабабларидан бирини айтди

«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола Европа чемпионлар лигаси чорак финалида «Ливерпуль»дан учралган мағлубиятга (1:2, 0:3) сабаб бўлган омилларни айтиб ўтди.

«Ливерпуль» – топ мураббийга эга, топ жамоа. Улар финалда ўйнашга муносиб деган бўлардим.

Футболчиларимни мусобақадаги ажойиб иштирок билан табрикламоқчиман. Улар ўз ишини шунчаки фантастик тарзда уддалашди. Энди эса бор эътиборимизни премьер-лигага қаратишимиз керак бўлади.

Биринчи бўлимда биз нима қилиш керак бўлса, ҳаммасини амалга оширдик. Вазиятлар яратдик. Аммо рақиб 11 киши бўлиб ҳимояланганда бу ишни уддалаш қийин. Кейинги босқичга чиқиш қийин бўлишини яхши билардик.

Ҳар битта ўйинни таҳлил қилиб чиқишим керак. Агар статистикага қарайдиган бўлсак, биз премьер-лигада энг яхши жамоамиз. Кетма-кет учта учрашувда мағлубиятга учрадик, аммо факт шуки, биз АПЛ турнир жадвалида биринчи ўринда бормоқдамиз ва бу кучимиз қандай эканини кўрсатиб турибди.

Биз жуда кучли жамоага қарши ўйнадик. «Барселона»га қаранг! Бу фавқулодда ўзига хос турнир. «Энфилд»да иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнаган бўлсак-да, вазиятлар ярата олмагандик, уйда эса биринчи бўлимда яхши ўйнадик. Аммо бизга қарши алоҳида бир жамоа ўйнади.

Ҳакамлик? Энг керакли вақтда биз тўғри қарорга эга бўлмадик. Рефери – ўзига хос йигит, унга эътиборда бўлиш ёқади. Ҳар доим, одамлар аниқ ҳолатни кўриб туришганида у қарама-қарши қарорлар чиқарди.

Бутун мавсум давомида юқори темп ва ўта кучли футболни намойиш этиб бўлмайди. Балки, келгусида биз учун нима яхши эканини тўлиқ тушуниб етармиз. Аммо ҳозир мен ўз футболчиларимни чин кўнгилдан олқишламоқчиман», – дея Гвардиоланинг сўзларини келтиради УЕФА расмий сайти.

Мавзуга оид