Ўзбекистон | 12:45 / 12.04.2018
88737
3 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг собиқ ҳокими вазир бўлди

Фото: olmazor.toshkent.uz

Олмазор тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев янги ташкил этилган Қурилиш вазирлигига раҳбар этиб тайинланди. Бу маълумот «Kun.uz» манбаси томонидан тасдиқланди.

2005—2011 йилларда Тошкент ҳокими бўлган Абдуқаҳҳор Тўхтаев 2013—2016 йилларда «ЎзЛИТИнефтгаз» компанияси раҳбари ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. 2016 йил кузида Шавкат Мирзиёев уни Жиззах шаҳри ҳокими этиб тайинлаганди, 2017 йил апрелида эса Абдуқаҳҳор Тўхтаев Тошкентнинг Олмазор туманига ҳоким этиб тайинланди. 

Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги президентнинг «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ташкил этилганди.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси негизида Қурилиш вазирлиги ташкил этилди ва қуйидагилар унинг вазифалари этиб белгиланди:

  • шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш, меҳнат унумдорлигини ошириш, қурилиш-монтаж ишлари қийматини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган энергия самарадор ва энергия тежайдиган инновацион лойиҳа ва қарорларни қурилиш фаолиятига жорий этиш;
  • республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкил қилиш, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг юритиш;
  • шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, архитектура-қурилиш фаолиятини ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва ўрта муддатли давлат дастурларини ишлаб чиқиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ ва ҳудудий дастурларини тайёрлашда иштирок этиш;
  • лойиҳа иши ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳа-қидирув ташкилотларининг иш самарадорлигини ошириш ва ҳудудий тармоқларини кенгайтириш, якка тартибдаги, намунавий, такроран қўлланиладиган ва экспериментал лойиҳаларни ва лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш;
  • шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ва янгилаш, идоравий қурилиш норма ва қоидаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш, лойиҳалаш, қурилиш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳасида стандартлаштириш ишларини амалга ошириш;
  • архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқув жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан яхшилаш, қурилиш соҳасида, жумладан, чет элдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида лойиҳачилар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш.

Вазирлик марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 81 нафар этиб белгиланди. Ҳудудий бўлинмаларда эса 796 киши ишлайди. Идорага Вазирлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда Таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси базасида ташкил этилган) маблағлари ҳисобидан штатни ошириш ҳуқуқи берилган.

Мавзуга оид