Ўзбекистон | 09:23 / 13.04.2018
7011
2 дақиқада ўқилади

Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган. 

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ишлаб чиқади: 

божхона қонунчилигини либераллаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имкониятини истисно этишга; 

ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишининг рағбатлантириш механизмини яратишга; 

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари нормалари, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларини, халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва стандартларини имплементация қилишга; 

божхона маъмуриятчилиги соҳасида ривожланган мамлакатлар тажрибаси, шу жумладан тарифларни тартибга солиш ва божхона назоратини ташкил этишга. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда: 

божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини; 

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид