Ўзбекистон | 12:05 / 13.04.2018
29898
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифини бошлади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 13 апрель куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари Мирзаобод туманидаги «Бек кластер» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхона билан танишди. 

Президент ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида кластер усули кенг жорий этилмоқда. «Бек кластер» корхонаси шу йўналишдаги йирик субъектлардан бўлиб, унга Сирдарё вилоятидан 18 минг гектар ер ажратилган. Мазкур кўп тармоқли кластер томонидан Мирзаобод туманида 100 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган. Бу ерда йилига 25 миллион долларлик маҳсулот етиштириш, уларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини илмий асосда етиштириш ва сақлаш, харидорини ҳозирдан топиш зарурлигини таъкидлади. Иссиқхона конструкцияларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мева-сабзавотчилик бўйича мутахассислар тайёрлаш, кластер қошида илмий-амалий марказ ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди. 

Президент қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳам кўздан кечирди.

 

Президентнинг навбатдаги ташрифи давомида ҳам вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, аввалги ташрифда берган топшириқларнинг ижроси, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари билан бевосита танишиш кўзда тутилган.  

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид