Жаҳон | 19:14 / 13.04.2018
12947
2 дақиқада ўқилади

Telegram’нинг Россияда блокланиши унга бутун дунё бўйлаб қизиқишни янада оширади

Фото: Alexander Shcherbak/TASS

Дунё бўйлаб Telegram мессенжерига қизиқиш Россияда унинг блокланиши ҳақида қарор қабул қилингач анча ошди. Суд қарори унинг бизнесига ижобий таъсир ўтказиши аниқ.

Умуман олганда, 2018 йилда мессенжерларни тақиқлаш ҳақидаги ғоянинг ўзи бироз кулгили ҳолатдир. Фойдаланувчиларнинг 95 фоизи барибир уни четлаб ўтиш йўлларини дарҳол топади, қолган 5 фоизи эса шунчаки бунга эътиборсиз қарайди. 

Албатта, бутун дунёда Telegram ва Павел Дуровга бўлган қизиқиш анча жиддий тарзда ошди. Бу унинг бизнесига ҳам яхши таъсир кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Москванинг Таганка суди 13 апрель куни Роскомнадзорнинг Telegram мессенжерини блоклаб қўйиш бўйича талабини қаноатлантирди. Бу сервис ФХХга фойдаланувчилар ёзишмаларини шифрлаш имконини берувчи калитлар тақдим этилмагани учун юз берди.

Роскомнадзордан маълум қилишларича, Россияда Telegram’га кириш бўйича чекловлар Таганка суди қарори олинганидан сўнг жорий этилади. Кремль мессенжернинг блокланиши бўйича қарорга изоҳ бермаган. Россия президентининг интернет бўйича маслаҳатчиси Герман Клименко барча амалдорларга Telegram мессенжерини тарк этишни тавсия қилди. 

Telegram юристлари эса Москва шаҳри Таганка судининг мессенжерни блоклаш ҳақидаги қарорига шикоят бериш ниятида эканликларини маълум қилишди. Бу ҳақда «Агора» Халқаро ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи вакили Дмитрий Колбасин хабар берган. «Халқаро Агора адвокатлари бугунги шармандали жараёнда иштирок эта олишмади. Ҳозир бизга суднинг бугунги қарорини олишимиз, уни ўрганиб чиқишимиз муҳим ва, албатта, бизнинг адвокатлар у бўйича шикоят билан чиқишни режалаштиришмоқда», - дея маълум қилган Колбасин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид