Ўзбекистон | 08:19 / 14.04.2018
9722
2 дақиқада ўқилади

Тошкентга Жанубий Корея, Душанбега эса Шимолий Корея вазири ташриф буюради

Кан Гён Хва ва Ри Йонг Ҳо

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва расмий чоршанба, 18 апрел куни иккитомонлама алоқалар ҳамда ҳамкорлик масалаларини янада мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашади. Бу ҳақда Kun.uz ахборот манбаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, икки давлат ташқи сиёсат маҳкама раҳбарлари Тошкент шаҳрида учрашиши режалаштирилган. Шунингдек, Хва хоним 17 апрел куни Қозоғистон Республикасида ҳам ҳамкасби билан учрашиши билдирилмоқда.

Жанубий Корея ОАВ хабарларига кўра, Кан Гён Хва Корея яриморолидаги масалада жанубни қўллаб-қувватлаган икки давлат олий амалдорларини шимол иштирокида 27 апрел куни бўлиб ўтиши режалаштирилган саммитга таклиф қилмоқчи. Ушбу учрашув АҚШ-Шимолий Корея давлат раҳбарлари учрашувига қадар ўтиши айтилмоқда.

Бундан ташқари, минтақада яна битта аҳамиятга молик учрашув кутилмоқда. Унда Шимолий Корея Ташқи ишлар вазири Ри Йонг Ҳо қўшни Тожикистон Республикасига ташриф буюриши эълон қилинди. Жаноб Ҳо Хитойдан бошлаган турнеси Россия Федерацияси, Озарбойжон, Туркманистон ва Тожикистон билан давом этмоқда.

Ҳозирча ташрифдан мақсад ошкор этилмаган. Россия ва Хитой Шимолий Кореянинг ишончлик иттифоқчилари бўлишидан ташқари, турне рўйхатида келтирилган давлатлар бой газ ва нефть захирасига эга эканлиги билан ажралиб туради.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид