10:47 / 18.04.2018
5690

Италиялик меросга олган 1,5 млн евродан фойдалана олмаяпти 

Фото: Fotolia/ Marco Scisetti

Италиялик 48 ёшли банкир Луижи бобосидан деярли 3 млрд италян лирасини мерос қилиб олди, бироқ 2012 йилда муомаладан чиқарилган бу эски валютани алмаштириш тўхтатилгани сабабли улардан фойдалана олмаяпти. Бу ҳақда Il Corriere della Sera нашрига иқтибос келтирган ҳолда РИА "Новости" хабар берди. 

Луижининг бобоси Италияда қурилиш бизнеси билан шуғулланган ва анчагина давлат орттирган бўлиб, сўнгра Швейцарияга кўчиб ўтган ва 2017 йил ёзида ўша ерда вафот этган. 89 ёшли қариянинг ягона меросхўри набираси Луижи бўлган.

“Мен бобом ўзига тўқ одам эканлигини билардим, у ҳаётлигида яхшигина давлат орттиришга улгурган. У менга иккита квартира, иккита ҳисоб рақамда анча пул ва акциялар қолдирган. Бироқ мен банк директори билан бобомга тегишли банк ячейкасини очганимда, ҳайратдан донг қотдим”, деб айтмоқда Луижи.

Гап шундаки, ячейкада анча йил аввал муомаладан чиқарилган 2 млрд 950 млн лира бўлган. У пулларни Италияга ҳеч қандай муаммосиз олиб келган, чунки энди улар ҳеч қандай қийматга эга эмас эди.

Луижига бу бойликни ўзлаштиришида вақт ва Италияда жорий қилинган янги молиявий қоидалар тўсқинлик қилмоқда. 2002 йилда Италияда евро муомалага киритилгандан кейин, Италия банки мамлакат фуқароларига эски валютадан қутулиш учун 10 йил муҳлат берган. Лираларни еврога алмаштириш курси бир еврога 1936 лирани ташкил қилган. Унга кўра, Луижига тегишли бойлик 1,5 млн евродан кўпроқни ташкил қилмоқда. Луижининг адвокатлари у бу пуллардан бехабар бўлганлиги сабабли унинг вазиятида эски пулларни алмаштиришга 10 йиллик муҳлат 2002 йилдан эмас, балки у пуллар ҳақида хабардор бўлганидан бошлаб ҳисобланиши кераклигини таъкидламоқдалар.

“Мен ўзим билмаган пулларни алмаштириш учун қандай ариза беришим мумкин эди? Мен ўзимга тўқман, бироқ бу принципиаллик масаласи: бу пулларни бобом ишлаб топган ва уларни йўқотиш бемаънилик бўлади. Мен бу пулларнинг 70 фоизини олиш имконим борлигини биламан ва улардан бир қисмини хайрия ишларига ажратаман, бироқ кекса ва ёлғиз кишининг паришонхотирлиги 3 млрд турмаса керак”, деб айтди Луижи.

Top