16:19 / 18.04.2018
9589

Кинойиғимлар бўйича тарихий рекорд ўрнатган режиссёр номи эълон қилинди

Фото: Getty Images

Стивен Спилберг барча даврларнинг тижорий жиҳатдан энг муваффақиятли кинематографисти мақомини мустаҳкамлаб, фильмлари жаҳон прокатида 10 миллиард доллардан ортиқ маблағ тўплаган илк режиссёр сифатида эътироф этилди. The Wrap нашри шу ҳақида хабар берди.

Мазкур рекордни ўрнатишда Спильбергнинг охирги "Биринчи ўйинчи тайёрлансин" (Ready Player One, 2018) лентаси муҳим роль ўйнади. Март ойида катта экранларга чиққан картина бутун дунё прокатида 475 миллион доллардан зиёд йиғиб улгурди. Ушбу кўрсаткични инобатга олган ҳолда америкалик режиссёрнинг барча фильмларидан тушган умумий йиғимлар 10,4 миллиард долларни ташкил қилди. 

Режиссёрнинг тижорий жиҳатдан энг муваффақиятли лентаси "Юра даври парки" (1993) ҳисобланиб, у 983,8 миллион доллар тўплаган. Ундан кейин "Индиана Жонс ва Биллур суяклар қироллиги" (2008) ҳамда "Ўзга сайёралик" (1982) картиналари келади, бу фильмлардан 786,6 миллион ва 717 миллион доллар тушган.

Манбада таъкидланишича, Спильбергнинг етакчилигига узоқ вақт ҳеч нима соя сола олмайди, зеро у ўзидан кейинги касбдоши Питер Жексонни 3 миллиард доллардан зиёдга ортда қолдирмоқда. Жексоннинг машҳур "Узуклар ҳукмдори" ва "Хоббит" трилогиялари бутун дунё бўйлаб 6,5 миллиард доллар тўплаган. Тижорий жиҳатдан энг муваффақиятли режиссёрлар бешлигидан шунингдек Майкл Бэй (6,4 млрд доллар), Жеймс Кэмерон (6,14 млрд доллар) ва Дэвид Йейтс (5,38 млрд доллар) ўрин олишган.

Top