07:34 / 18.04.2018
7022

Туркия Грецияга Эгей денгизидаги иғвогарликлари учун жавоб беришини айтди 

Фото: РИА Новости / Андрей Стенин

Туркия бош вазири ўринбосари Бакир Бўздағ Грецияни Эгей денгизида иғвогарликлар содир этишда айблади ва агар бундай ҳаракатлар давом этса, жавоб бериш билан таҳдид қилди. 

Аввалроқ Туркия бош вазири Бинали Йилдирим Грецияни Эгей денгизидаги баҳсли ороллардан бирида байроғини ўрнатгани учун қоралаб, Афинага бу ҳудудда эскалациядан тийилишни тавсия қилганди.

“Биз Греция билан яхши қўшничилик учун муҳим қадамларни амалга оширдик. Бироқ Афина ўзининг ички сиёсати сабабли иғвогар баёнотлар бермоқда. Бизнинг муносабатлар ички сиёий ҳисоб-китоблар қурбони бўлмаслиги керак. Греция Эгей денгизидаги бундай ҳаракатларга жим қараб туради, деб ўйламасин. Келиб, байроқни ўрнатиб, “бизнинг орол” дейишмоқда. Улар бундай иғвогарликларни бас қилишлари керак, йўқса биз ўзимиз истамайдиган чораларни кўрамиз”, деб айтган Бўздағ.

Унинг айтишича, Туркия болаларча иғволар билан шуғулланаётган Грециядан фарқли, ўзини ақли-расо тутмоқда. Бўздағ, шунингдек, 2016 йилдаги давлат тўнтарувидан кейин Грецияга қочган 8 турк ҳарбийсининг қайтарилишини ҳамон талаб қилаётганини қўшимча қилган.

1996 йилда Эгей денгизидаги Имиа деб номланувчи иккита оролга эгалик қилиш бўйича баҳс Греция ва Туркия ўртасидаги муносабатларда инқирозга олиб келган. Ўшанда можаро халқаро ҳамжамият, НАТО ва АҚШ аралашувидан кейин тўхтаган.

Top