Спорт | 23:58 / 20.04.2018
7418
2 дақиқада ўқилади

«Арсенал» Венгер ўрнига номзодлар билан музокара ўтказишни бошлади

«Арсенал» «Барселона»нинг собиқ мураббийи Луис Энрике билан музокара ўтказмоқда. Бу ҳақда Independent нашри хабар тарқатди.

Қайд этилишича, 47 ёшли испаниялик мутахассис инглизлар клубида спорт директори лавозимида фаолият кўрсатаётган Раул Санллехи билан яхши алоқаларга эга, Энрике ва Санллехи «Барселона»да ҳам бирга ишлашганди.

Хабар қилинишича, Энрике «Арсенал»дан Арсен Венгерники каби катта маош талаб қилмоқда. Бу эса испаниялик мураббийнинг тайинланишига тўсиқ бўлиши ҳам мумкин.

Le Parisien хабарига кўра эса, Арсен Венгер ўрнини Карло Анчелотти эгаллайди.

Анчелотти айни вақтда клубсиз – ўтган йилнинг сентябрида у «Бавария»дан истеъфога чиқарилганди.

Бундан аввалроқ 58 ёшли италиялик мутахассис ватандоши Антонио Конте ўрнига «Челси»га қайтиши ҳақида хабар берилганди, аммо Le Parisien хабарига кўра, у  «Арсенал» босслари учун асосий вариант ҳисобланади.

Анчелотти Англияда ишлаш тажрибасига эга, у 2010 йили «Челси» билан «олтин дубль» қайд этган, чемпионат ва мамлакат Кубогида зафар қучганди.

Бундан аввалроқ The Mirror нашри, «Арсенал»нинг собиқ футболчиси, айни вақтда «Нью-Йорк Сити»ни бошқараётган 41 ёшли Патрик Виейра жамоанинг янги мураббийига айланиши, унинг номзоди Венгер томонидан ҳам маъқуллангани тўғрисида хабар тарқатганди. 

Бугун 68 ёшли Венгер мавсум якунида «Арсенал»ни тарк этишини эълон қилди. У 22 йил жамоани бошқарди ва жами 17 соврин, жумладан, 3 марта Англия чемпионлиги ва 7 марта Англия Кубогини қўлга киритди. У шунингдек, жамоа билан 7 марта Суперкубок ўйинида зафар қучган, Англия премьер-лигасида ўйин ўтказиш бўйича рекорд ўрнатган (823). 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид