Жамият | 17:14 / 23.04.2018
4338
3 дақиқада ўқилади

Зангиотада “Аждодлар мероси” фестивали бўлиб ўтди

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Аждодлар мероси” фестивали бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими, хорижий меҳмонлар, жамоатчилик вакиллар иштирок этди.

“Аждодлар мероси” маънавий-маърифий тадбирдан мақсад - улуғ бобомиз Занги отага ҳурмат ва эҳтиромни кўрсатиш билан бирга, бу азиз қадамжони кўз қорачиғидай асраш ва зиёратгоҳнинг номини, довруғини кенг оммалаштириш, зиёратга келувчи меҳмонлар, туристларга янада кенг имкониятлар яратишга ҳисса қўшишдир. 

“Мустақиллик йилларида биринчи президентимиз ташаббуси билан юртимиздаги  зиёратгоҳлар, улуғ аждодларимизнинг шу жумладан Занги отанинг қўним топган жойлари қайта тикланиб, обод қилинди. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 октябрдаги қарорига асосан бу маскан ва унинг ҳудудлари тубдан янгиланди ва гўзал қиёфага эга бўлди.

Занги ота зиёратгоҳининг бугунги гўзал ва бетакрор қиёфага эга бўлишида, ушбу ҳудуднинг обод масканга айланишида муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг беқиёс хизматлари бор ва уни бу ерда жам бўлганлар ҳам яхши билишади”, - деди тадбирда туман ҳокими Абдиваҳоб Тамикаев.

Занги отанинг қайси санада туғилгани ҳақида аниқ маълумот бўлмаса-да, бобомиз 1258 йилда вафот этади ва ҳозирги Занги ота қишлоғига дафн этилади ва шундан буён бу жой Туркий халқлар учун зиёратгоҳ маскан ҳисобланади. 

Занги ота - Ойхўжа бобомиз Турк-Ислом оламидаги етук тасаввуф билимдонларидан бири бўлиб, у зотнинг муборак номи бутун Осиёда маълум ва машҳур бўлган. Улуғ бобомиз Хўжа Аҳмад Яссавийнинг тўртинчи халифаси ва содиқ шогирди Ҳаким отага шогирд бўлиб, ундан Яссавий тариқатининг сир асрорларини мукаммал ўрганади. Занги ота Ҳаким отадан тасаввуфий билимлар билан бирга илми зохирий, илми ботинийдан хам таълим олиб етук донишманд ва соҳиби каромат даражасига эришади. 

Занги ота мақбарасини буюк соҳибқирон Амир Темур қурдирган. Унинг ғиштларини Туркистондан келтиришган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек ҳам бу ернинг қурилишига, обод бўлишига ҳиссасини қўшган.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид