22:30 / 24.04.2018
10063

Самолётдан олма билан чиққан америкалик 500 долларлик жаримага тортилди

Фото: TJ

Колорадо штатида яшовчи Кристал Тэдлок самолётдан олма олиб чиққани учун 500 доллар миқдоридаги жаримага тортилди. Мевалар Delta авиакомпанияси рейсида тарқатилган, бироқ аёл уни ўзи билан олишни маъқул кўрган, бу эса АҚШ божхона қоидаларига зиддир.

Фото WCMH

Борт кузатувчиси Тэдлокнинг олмасини пакетга солиб қўлига тутқазганида у Париждан Денверга қайтаётган эди. Унинг қорни очмагани боис олмани Колорадо рейсига ўтишда емоқчи бўлди. Аэропортда америкалик аёлни божхона назорати ходими тўхтатди ва унинг сумкасини кўздан кечирди - олмани кўриб, 500 доллар миқдоридаги жаримага тортди. Шунингдек унинг ишончли йўловчиларга текширувдан тезроқ ўтиш имконини берувчи Global Entry мавқеини бекор қилишди. 

Тэдлокнинг сўзларига кўра, Delta ходимларининг бирортаси уни мевани самолётдан чиққунча еб бўлиши кераклигидан огоҳлантирмаган. "Қандайдир бир мевани деб инсоннинг ўзини жиноятчидек ҳис қилиши ёқимсиз", - қўшимча қилди америкалик аёл.

CNN телеканалида таъкидланишича, АҚШ қоидаларига кўра, халқаро рейсларнинг йўловчилари ҳар қандай сархил меваларни парвоздан олдин декларация қилиши керак, акс ҳолда жаримага тортилади.

Delta'да изоҳ берилишича, қоидаларда мевалар ва бошқа маҳсулотлар ҳақидаги пунктлар аниқ қилиб ёзиб қўйилган ва йўловчилардан меваларни самолётдан чиққунга қадар ейиш сўралган. АҚШ божхона хизматида чекловлар анчадан буён мавжудлиги, декларация қилинмаган мевалар утилизация қилиниши, йўловчилар эса минг долларгача жаримага тортилиши қайд этилди. 

Авиакомпания ва расмийлар жавобига қарамай, Тэдлок 12 кун ичида тўланиши керак бўлган жарима бекор қилинишига эришмоқчи. Унинг ишонч билан таъкидланишича, божхона ходими ўзини ҳаддан ташқари қўпол тутган, аэропортда эса сархил меваларга доир огоҳлантиришлар бўлмаган. Шунингдек америкалик 160 долларлик Global Entry мавқеини қайтариб олмоқчи.

Top