Иқтисодиёт | 12:17 / 27.04.2018
16422
4 дақиқада ўқилади

1993 йилга қадар қабул қилинган идоравий ҳужжатлар ўз кучини йўқотади

Фото: pixabay.com

Ўзбекистон ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан, собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади. Бу ҳақда “Инсон ва қонун” хабар берди.

Фуқароларда нега айнан 1993 йил 17 июнга қадар қабул қилинган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар ўз кучини йўқотар экан, деган савол туғилиши ўринли. Аниқ сананинг кўрсатилиши боиси айнан 1993 йил 17 июнга қадар вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар умуммажбурий тусдаги норматив ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган, мазкур ҳужжатлар рўйхатга олингач уларга ўзгартириш киритилганда ҳам бирон-бир идора билан келишилмаган. Хуллас, ҳар бир идора ўз фойдасига қонун ҳужжатларини қабул қилиб, иш юритаверган. Бу ҳужжатлар Конституциямизга ёки қонун ҳужжатларига тўғри келадими-йўқми назорат қилинмаган. Чунки бундай ваколат тайинли бирон ташкилот зиммасига юкланмаган эди. Айнан 1993 йил 17 июнда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниб, унга кўра вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар умуммажбурий бўлган норматив ҳужжатлар (буйруқлар, низомлар, йўриқномалар ва бошқалар)ни тайёрлаётганларида уларнинг лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этишлари  мажбурий этиб белгиланди. Шу сабабли 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган умуммажбурий бўлган идоравий ҳужжатлар ўз кучини йўқотиши назарда тутилмоқда. 

“Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар” тушунчаси ўзи нима? Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кундалик ҳаётимизга шунчалик чуқур сингиб кетганки, биз қайси соҳада фаолият кўрсатмайлик ўзимиз истаган ёки истамаган, билган ёки билмаган ҳолда ушбу ҳужжатларга дуч келамиз.

Хусусан, касал бўлганимизда шифокор томонидан бериладиган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, чет эл сафарларига кетаётганда тўлдирадиган йўловчи божхона декларацияси, фарзандимиз туғилганда ФҲДЁ органларига тақдим этиш учун бериладиган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома каби ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва уларнинг шакли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган.

Ҳуқуқий жиҳатдан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатлари мажмуасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзнинг юридик кучига кўра Олий мажлис, президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлардан кейинги ўринда туради ва уларнинг барчасига мувофиқ бўлиши лозим. Ушбу ҳужжатлар 2 шаклда: буйруқлар ва қарорлар тарзида қабул қилинади.
 
Шу йилнинг 23 апрель куни Адлия вазирлигида 25та манфаатдор давлат ташкилотлари билан биринчи ишчи йиғилиш ўтказилди. Унда 1993 йилгача қабул қилинган 100га яқин қонун ҳужжатларининг долзарблиги жиддий ўрганилиб, уларнинг айримлари янги таҳрирда қабул қилиниши юзасидан таклифлар билдирилди.

Йиғилиш давомида аниқланган айрим ҳолатлар, жумладан, ходимларга 1985-1986 йилларда қабул қилинган турли мутахассисликлар бўйича соатбай ишлайдиган ходимлар учун ягона соҳа меъёрлари асосида бугунги кунга қадар ойлик тўланиб келинаётганлиги кўпчиликни таажжублантирди.

Шу билан бирга йиғилиш иштирокчилари давлат пенсиялари ва нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби, ҳарбий хизматчилар учун пенсия таъминоти тизимини ташкил этиш, уларнинг оилалари ва Мудофаа вазирлиги нафақахўрларига ижтимоий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимини тартибга солишга доир қонун ҳужжатларининг муҳим жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтишди.

Эслатиб ўтамиз, қисқа муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига ўз кучини йўқотаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрнига янгиларини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид