Жаҳон | 01:16 / 29.04.2018
22842
2 дақиқада ўқилади

Фёдор Емельяненко ФҚБ томонидан сўроқ қилинди

Фото: ТАСС/Валерий Шарифулин

Россиялик аралаш яккакураш жангчиси Фёдор Емельяненко америкалик Фрэнк Мир билан жангидан бир неча кун олдин Федерал қидирувлар бюроси агентлари томонидан сўроқ қилинган. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда. Емельяненко ва Мир ўртасидаги жанг Чикагода 28 апрель кечаси (Тошкент вақти билан 29 апрель эрталаб) бўлиб ўтади. 

Емельяненко ва унинг жамоаси АҚШга 24 апрелда келган. 3 кун аввал россиялик тўхтаган меҳмонхонага ФҚБ агентлари келиб, уни сўроқ қилишган. Баъзи маълумотларга кўра, ФҚБ ходимлари кейинроқ яна меҳмонхонага келишган. 

The Telegraph’нинг қайд қилишича, Емельяненконинг жангларига Россия президенти Владимир Путин ташриф буюриб туради ҳамда Россия ва АҚШ Сурия ихтилофини тартибга солишда иштирок этаётгани ҳисобга олинса, унда “бўлган воқеа Емельяненконинг хавфсизлигини таъминлаш масаласи бўлган бўлиши мумкин”.

Бундан ташқари, Емельяненко аввал Affliction Entertainment ташкилоти ўтказган мусобақаларда иштирок этган. АҚШ президенти Дональд Трамп бу ташкилотда улушга эга бўлган. Трампнинг шахсий адвокати, ҳозирда ФҚБ томонидан жиноий иш очилган Майкл Коэн ташкилотнинг бошқарувчи директори бўлган. 

Икки ҳафта аввал Коэннинг меҳмонхонадаги хонасида махсус прокурор Роберт Мюллер олиб бораётган иш билан боғлиқ ҳолда тинтувлар ўтган. Коэн гўёки Трамп билан ишқий муносабатларга кирган актрисага “оғзини ёпиқ сақлаши” учун 130 минг доллар тўлаган. Бундан ташқари, ФҚБ Коэнни фирибгарликларда айбламоқда.

Емельяненко Мир билан Bellator 198 мусобақасининг 1-босқичи доирасида учрашади. 

Мавзуга оид