АҚШ ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари тарихига назар ташланса, КГБ ҳамда совет ташқи разведка бошқармаси ходимларидан жуда кўпчилиги Ғарб давлатларига қочиб ўтганини кўриш мумкин.

Уларнинг аксарияти АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ёки Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, аксинча Британия ёки АҚШ хавфсизлик хизмати ходимлари советлар фойдасига ишлаган.

КГБ жосусларининг Ғарбга қочиб ўтишларига айрим ҳолларда пул, бошқасида СССРда зўравонлик ва маъмурий буйруқбозлик устига қурилган тузум сабаб бўлган. Ғарбга қочиб кетган жуда кўп КГБ ходимлари совет иттифоқидаги адолатсиз ва зўравон тузумда яшашни хоҳлашмаганини айтишган.

Уларнинг айримлари хизматлари қадрланмаганини сабаб қилиб кўрсатган. Ёки ноҳақ жабр кўргани учун аламзада бўлишган ва Ғарбга қочиб ўтишган.

Бироқ шундай бўлса-да МРБ ёки Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати фойдасига ишлаган жосусларга, Ғарбга қочиб бориб кўплаб махфий маълумотларни ошкор қилган КГБ ходимларига жуда катта миқдорда мукофот пуллари тўланган.

Шунингдек, Ғарб давлатларида эркин жамият ва юқори маош тўланганига қарамасдан айрим ҳолларда СССР фойдасига жосуслик қилган шахслар ҳам учраб турган.

Уларнинг айримлари советларнинг «бутун дунёни тенг қилиш» ҳақидаги пуч ғоясига учган бўлса, бошқалари советлар томонидан тўланган мўмай пулга қизиққан. Ана шулардан бири Федерал қидирув бошқармаси (ФҚБ) агенти Роберт Ҳанссен эди.

Роберт Ҳанссен узоқ йиллар давомида аввалига КГБ билан, СССР парчаланиб кетгач Россия хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилади ва бу хизмати учун катта миқдорда пуллар олади. Охир-оқибат у 2001 йилда қўлга тушади ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Роберт Ҳанссен ўқувчилик йилларида ва қўлга олинишидан сал аввал / Фото: alamy.com

Роберт Ҳанссен – туғма полициячи

Роберт Ҳанссен 1944 йилда Чикагода полициячи оиласида туғилади. Ўрта мактабни битиргач у коллежда рус тилини ўрганади. 1968 йилда Роберт 24 ёш эканида отасининг изидан бориб Чикаго полициясига ишга киради. У ички хавфсизлик бошқармасига терговчиси сифатида ишлай бошлайди.

Орадан тўрт йил ўтиб, 1976 йилда Робертни ФҚБга ишга таклиф этишади. У ташкилотнинг Индиана штатидаги идорасида ишлайди. 1978 йилда Роберт ФҚБнинг Нью-Йоркдаги идорасига ўтади.