Спорт | 09:42 / 02.05.2018
10199
3 дақиқада ўқилади

“Бавария” бош мураббийи Юпп Хайнкес фаолиятини батамом якунлашга қарор қилди

Фото: EPA-EFE/SASCHA STEINBACH

“Бавария” бош мураббийи Юпп Хайнкес Мадриднинг “Реал” клубига қарши жавоб учрашуви у учун Чемпионлар лигасидаги охиргиси бўлганини айтди. 

“Бавария” 1 май куни Чемпионлар лигаси яримфиналининг жавоб учрашувида “Реал” билан 2:2 ҳисобида ўйнаб, финалга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди. 

“Бу мавсумгача Чемпионлар лигасидаги сўнгги учрашувим 2013 йилдаги “Боруссия”га қарши финал бўлган (“Бавария” 2:1 ҳисобида ютган). Ҳеч қачон яна қайтаман деб ўйламагандим. Ҳозир ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги ўйин ушбу мусобақадаги сўнгги ўйиним бўлди, мен энди мураббийлик фаолиятига бошқа қайтмайман. Бироқ ҳаммаси унча ёмон эмас – дунёда бундай қарорларни қабул қилувчи 72 ёшли одамлар кўп деб ўйламайман”, деб айтган Хайнкес. 

“Реал” билан учрашув натижасидан ҳафсалам пир бўлди. 9 ойлик астойдил иш ва машғулотлардан кейин биз яхши жамоа шакллантира олгандик. Ихтиёримда кучли ўйинчилар бор эди ва шу сабабли ҳаммаси шундай якунлангани ранжитади”, деб қўшимча қилган Хайнкес.

Хайнкес 2013 йилда “Бавария” билан Германия чемпионати, Германия кубоги ва Чемпионлар лигасини қўлга киритгач, мураббийлик фаолиятини якунлаганди. Бироқ 2017 йил октябрда клуб раҳбарияти Карло Анчелоттини истеъфога чиқаргандан кейин мавсум охиригача клубга уни яхши билувчи мутахассис мураббийлик қилиши кераклиги ҳақидаги қарорга келган ва Хайнкесни таклиф қилган. Жорий мавсумда ҳам “Бавария” Хайнкес қўли остида мамлакат чемпиони унвонини қўлга киритди ва мамлакат кубоги финалига чиқа олди. Кейинги мавсумдан клубга хорватиялик Нико Ковач мураббийлик қилади.

Хайнкес 1979 йилдан мураббийлик билан шуғулланиб келган. У Германиянинг 4 карра чемпиони (1989, 1990, 2013, 2018), мамлакат кубоги ғолиби (2013), Чемпионлар лигасининг 2 карра чемпиони (1998, 2013) ҳисобланади.

Хайнкес ўйинчи сифатида ҳам юқори чўққиларни забт этган. У Мёнхенгладбахнинг “Боруссия” клуби сафида ГФРнинг 4 карра чемпиони (1970/71, 1974/75, 1975/76, 1976/1977), ГФР кубоги (1972/73) ва УЕФА кубоги соҳиби (1974/75) бўлган. Германия терма жамоаси сафида Европа (1972) ва жаҳон чемпиони (1974) унвонларини қўлга киритган. 

Хайнкес 2013 йилда ФИФА талқини бўйича дунёнинг энг яхши мураббийи деб топилганди.

Мавзуга оид