15:48 / 03.05.2018
4478

Абдулазиз Комилов Сонг Ён Гил билан музокаралар ўтказди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатга ташриф буюрган Корея Республикасининг Шимол билан иқтисодий ҳамкорлик қўмитаси раиси Сонг Ён Гил бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар беряпти.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи ва президент Мун Чжэ Ин ва Жанубий Кореянинг бошқа раҳбарлари билан музокаралари доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда бўлиб ўтган кореялараро саммит ва унинг муваффақиятли якунлари кўп жиҳатдан Корея Республикасининг «Янги шимолий сиёсати»ни босқичма-босқич ва ҳар томонлама ўйлаб амалга ошириши натижасида эришилгани таъкидланди.

Учрашувда икки томон кун тартибининг бошқа долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Музокараларда Корея Республикаси элчиси Квон Ён У ҳам иштирок этган.

 

Top